Маълумки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ҳудудларда яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилиши режалаштирилган.
Мутахассислар “Яшил макон” лойиҳаси доирасида миллионлаб дарахт ва кўчатларни керакли жойга экиб, уларга тўғри ғамхўрлик қилиш зарурлигини, шунингдек, дарахтларни парвариш қилишда эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозимлигини таъкидлашади.
Давлат экология қўмитаси экологик ахборот, АКТни жорий этиш ва мультимедиа маркази директори Даврон Абдуллаевнинг маълум қилишича, республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш мақсадида “Яшил макон” платформаси ташкил этилган бўлиб, платформада экиладиган дарахт кўчатлари тўғрисидаги маълумотлар, экиладиган кўчатларнинг жойлашув локацияси, дарахтларнинг сони, фотофактлари ҳамда экилган ҳудудда суғориш тизимининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилиб борилади.
– Эндиликда ҳар бир экилаётган кўчатларнинг ўз эгаси бўлади, – дейди Д.Абдуллаев. – Экилган дархтларнинг масъулларга бириктириш тизимини ўз ичига оладиган “Яшил макон” ягона электрон базаси (yashilmakon.eco) шакллантирилган ва уларни рақамлаштириш орқали аниқ ҳисоб-китоблар билан киритиб борилиши йўлга қўйилган.
Мазкур электрон тизимнинг мобиль иловаси ишга туширилган бўлиб, ҳудудлардаги Давлат инспекторларига жами 557 та махсус планшетлар харид қилинди ва республика ҳудудларидаги янги экиладиган дарахт кўчатлари мониторингини жойида амалга ошириш имкони яратилди. Шунингдек, экилган дарахт кўчатларнинг назорат механизми, оператив маълумотлар ва онлайн режимда туман ва шаҳарлар кесимида ҳисоботлари, экилган дарахт кўчатларининг ҳисоби, кунлик экилган дарахт кўчатларнинг ташкилотлар кесимида маълумотлари шакллантирилиши йўлга қўйилди. 100 ёшдан ошган дарахтлар ҳақида маълумотлар модуллари Давлат экология қўмитаси томонидан “Яшил макон” электрон платформасига киритилиб, ушбу дарахтлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам назоратга олинмоқда.
Жорий йил кузги кўчат экиш мавсуми “Долзарб 40 кунлик”нинг 2 ноябрь ҳолатига кўра, республиканинг барча туман ва шаҳар ҳокимликларида ташкил этилган штаблар томонидан экилган жами 13 миллион 109 минг 500 дона кўчатларнинг 9 миллион 328 минг 670 донаси туман ва шаҳар Экология бўлимлари давлат инспекторлари томонидан “Яшил макон” электрон платформасига киритилган.
Бундан ташқари, “Яшил макон” платформасини янада такомиллаштириш мақсадида ҳудудлар тупроқ-иқлим ҳусусияти ва дарахт турлари ҳақида ҳудудларнинг кўкаламзорлик даражаси, дарахтларни кесиш учун берилган рухсатномалар рўйхати ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотлар “Яшил макон” платформада акс этиши ва шу орқали мавжуд масалаларни тизимли равишда ҳал этилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА мухбири