Турли йўналишдаги масъул раҳбарларнинг “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан "устоз-шогирд" анъанаси асосида ишлаш тизими жорий этилди.
Жамғарманинг жорий йил 1-очиқ стипендия танловида ғолибликка тавсия этилган, хорижда таълим олиб қайтган ва республикамизнинг турли соҳаларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган, айни дамда хорижий давлатларнинг нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олаётган стипендиатлар Президент маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, тегишли буюртмачи идоралар раҳбарларига шахсан бириктирилди.
Бундан мақсад стипендиатларнинг меҳнат шароитлари билан яқиндан танишиш, соҳаларни ривожлантиришга оид таклифларини тинглаш, амалиётда реализация қилишда кўмаклашиш ҳамда муносибларини лавозимда ўстириш ҳисобланади.
Бугундан алоҳида тасдиқланган режа-график асосида масъул раҳбарларнинг ёшларимиз билан индивидуал тарзда мулоқотлари бошланди.
Суҳбат жараёнларида стипендиатларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича фикр-мулоҳазалари, ушбу жараёнлардаги роли, Ватани ривожланиши учун қўшаётган ҳиссаси, хусусан, улар томонидан илгари сурилган таклифлар, ишлаб чиқилган лойиҳалар ҳолати, соҳада дуч келаётган бюрократик тўсиқлар, қийинчиликлар юзасидан фикрлари тингланмоқда.
Суҳбат хулосаларига биноан, стипендиатларни лавозимда ўстириш, компетенцияларини ривожлантириш бўйича малака ошириш курсларини ташкил этиш, самарадорликка эришишлари учун меҳнат жамоаларида зарурий шароитларни яратиш масалалари кўрилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА