Атроф-муҳитни асраш, экологик маданиятни ошириш ва “яшил” ғояларни амалда қўллаб-қувватлаш учун эндиликда, ҳар йили 10 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 8 октябрдаги қарорига кўра, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида “Яшил ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ташкил этилди.
Ёшларда табиатга муҳаббат ҳиссини уйғотиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган жамғарма томонидан эндиликда қуйидаги ташаббуслар молиялаштирилади.
Жумладан, табиатга меҳр ва экологик маданиятни оширувчи лойиҳалар, чиқиндиларни қайта ишлаш, яшил энергия ва экологик тоза технологияларни ривожлантириш, дарахт экиш ва парваришлаш ташаббуслари ҳамда иқлим ўзгариши ва экологик барқарорлик бўйича ёшлар ғоялари молиялаштирилади.
Шунингдек, эко мавзудаги видео, анимация ва медиа лойиҳалар, энергия тежамкорлиги бўйича танловлар ва акциялар, ўрмонларни тиклаш, экологик туризмни ривожлантириш ташаббуслари ҳамда эко-челленжлар ва энергия сарфини камайтирувчи мобиль иловалар яратиш лойиҳалари ҳам молиявий аҳамиятга эга бўлади.
Гулноза Бобоева, ЎзА