Божхона қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, энди божхона органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган ва суд қарорига биноан давлат даромадига олинган мол-мулклар аукционга қўйилади.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 октябрь куни қабул қилинган қарорида кўзда тутилган. Қарорда “Божхона сервис” давлат муассасаси ва унинг ҳудудий бўлимлари “E-auksion shop“ электрон савдо дўкони орқали амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда 2024 йил 1 сентябрга қадар давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида сотишнинг хусусий операторлари томонидан ташкил этилиши мақсадга мувофиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилди. Электрон савдо дўконида савдо тегишли эълон чиқарилган кундан кейинги иш куни соат 10:00 да бошланади ва 5 иш куни давомида, охирги иш куни соат 18:00 га қадар ўтказилади.
Қарор билан “E-auksion shop” платформасида рўйхатдан ўтиш, савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш, ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиблари тасдиқланди.
Қарор 2024 йил 6 январдан кучга киради.
Шаҳноза Маматуропова тайёрлади,
ЎзА