Тошкент вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси томонидан Тошкент вилоятидаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув ташкилотлари учун семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Президентимизнинг жорий йил 15 августдаги “Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мазмун-моҳияти, унда белгиланаётган талаблар бўйича мутахассислар томонидан атрофлича маълумотлар берилди.
Бугунги кунда вилоятда 161 минг 240 та хонадондан иборат 4 минг 945 та кўп квартирали уй мавжуд. Уларга 79 та Бошқарув сервис компаниялари ҳамда 10 та УЖМШлар хизмат кўрсатади. Шундан 4 минг 541 та уй БСКлар томонидан, 72 та кўп квартирали уйлар УЖМШлар томонидан ва 13 таси бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилади. Кўп квартирали уйларнинг 319 таси бошқа ташкилотлар балансида. Бугунги кунда мавжуд кўп қаватли уйларнинг 4577 таси, яъни 93 фоизи 1991 йилгача ва 368 таси, яъни 7 фоизи 1991-2022 йиллар оралиғида қурилган уйлардир.
Бугунги кунда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш соҳасидаги асосий муаммолардан бири бу аҳолининг дебитор қарздорлиги билан боғлиқ. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, республика бўйича жами дебитор қарздорлик 470 миллиард сўмдан ошганини кўриш мумкин. Кўп квартирали уйдаги кўчмас мулк олди-сотди қилинганида мулк билан бирга унинг бошқарувчи ташкилотга бўлган қарздорлиги ҳам янги мулкдорга қопланмасдан ўтмоқда.
Семинарда қайд этилишича, юқорида номи келтирилган қарорнинг 2-бандида 2024 йил январдан бошлаб нотариус томонидан кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар мулкдорнинг мажбурий бадал бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги аниқланганидан сўнг тасдиқланиши, янги мулкдорга унда уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи юзага келган пайтдан эътиборан умумий мол-мулкни сақлаш бўйича мажбурий тўловларни амалга ошириш мажбурияти белгиланмоқда.
Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари раҳбар ва муҳандис ходимларининг ҳар йили камида бир марта ҳамда сантехник, электрик, пайвандчи ходимларининг ҳар уч йилда камида бир марта касбий малакасини тасдиқлаш бўйича тартиб ўрнатилади. Қарор билан бошқарувчи ташкилот жалб этилмаган кўп квартирали уй-жойлар фойдаланишга қабул қилинмаслиги кўзда тутилмоқда.
Семинарда қайд этилишича, қарор лойиҳасининг 5 -банди билан реновацияни амалга оширишнинг аниқ механизми ишлаб чиқилади. Бунинг учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар иштирокида ишчи гуруҳ тузилади. 1991 йилгача қурилган уйларнинг аксариятида ички муҳандислик тармоқлари ва конструкциясига мулкдорлар томонидан ўзгартириш киритилган.
Республика бўйича 15 мингга яқин уйларда таянч конструкцияларига зиён етказган ҳолда қайта режалаштириш ҳамда иссиқлик тизимига ўзгартириш киритилгани аниқланган. Натижада, кўп квартирали уйларнинг иссиқлик таъминоти тизимларига жиддий зарар етказилмоқда. Нотўғри эксплуатация қилингани оқибатида 247 та кўп квартирали уй авария ҳолатига келиб қолган.
Шу боис Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига қуйидаги бир неча қўшимча иссиқлик таъминотидан фойдаланиш талабларига риоя этилиши ҳамда умумий мол-мулк ва уларга туташ ер участкаларида амалга оширилган таъмирлаш-тиклаш ишларининг норматив ҳужжатларга мувофиқ бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ваколатлари берилади.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг соҳага оид саволларига мутасаддилар томонидан жавоб қайтарилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА