Адлия вазирлигида “Банклар томонидан қимматбаҳо металлар билан операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги низом банклар, шу жумладан микромолия банклари учун қимматбаҳо металлар билан операцияларни амалга ошириш тартибини белгилайди.
Низомга кўра, қимматбаҳо металлар билан қуйидаги операцияларга рухсат берилган.
Хусусан, мижозлар томонидан ўлчовли олтин қуймаларни банкнинг мобил иловаси орқали сотиб олиш ва сотиш, банклар томонидан ўлчовли олтин қуймаларни Марказий банк орқали сотиб олиш ва сотишга рухсат берилган.
Шунингдек, қимматбаҳо металларни электрон (жисмоний бўлмаган) кўринишда сотиш ва қайтариб сотиб олишга рухсат берилади.
Операциялар банкнинг мобил иловаси орқали оферта шартномасини тасдиқлаш йўли билан амалга оширилади.
Тўлов муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг, мижознинг мобил иловасида сотиб олинган олтин қуйманинг «махфий коди» акс эттирилади.
Мижоз банкдан қуймани олиш учун шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда илова орқали келган **«махфий код»**ни тақдим этиши лозим бўлади.
Ш.Маматуропова, ЎзА