Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эндиликда 170 нафар талаба Венгрияда таълим олиш имконига эга бўлади
19:44 / 2022-05-04

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто ҳамраислигида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг юқори даражадаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакат вазирлик ва идоралари ҳамда дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон делегацияси таркибида Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов ҳам қатнашди.

Йиғилишда Венгрия Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорлик ўрнатган энг биринчи Европа давлати эканлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, Венгриянинг Дебретсен университети филиали фаолиятини йўлга қўйиш, таълим дастурларини Ўзбекистон олий таълим муассасаларига жорий этиш каби масалаларда ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ўртасида Ўзбекистон фуқаролари учун Венгрия томонидан ҳар йили ажратиб келинаётган таълим грантлари сонини кўпайтириш бўйича келишувга эришилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўтган 2020 йилда имзоланган тегишли меморандумга кўра, Венгрия ҳукумати томонидан Ўзбекистон фуқароларига ушбу хорижий мамлакат олий таълим муассасаларида бакалавр, магистратура ва докторантура босқичларида ўқиш учун йилига жами 100 тадан таълим грантлари ажратиб келинмоқда.

Учрашувда Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқулов ва Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири П. Сийярто томонидан "2020-2023 йилларда Венгрия стипендиялари (“Stipendium Hungaricum”) дастури доирасидаги ҳамкорлик бўйича англашув меморандумига ўзгартиш киритиш тўғрисида баённома" имзоланди.

Унга кўра 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб, Венгрия томонидан ҳар йили ажратилаётган таълим грантлари сони 100 тадан 170 тага кўпайтириш режалаштирилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА