Энди жисмоний шахслар аукцион савдолар учун тўғридан-тўғри ариза бериши мумкин
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 мартда имзоланган «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида жисмоний шахслар аукцион савдолари учун тўғридан-тўғри ариза бериши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Унда белгиланишича, фонд биржасига чиқарилган давлат акция пакетларини сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат савдо жараёнларида камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.
Шунингдек, барча давлат муассасаларининг асосий воситаларини сотиш ёки ижарага бериш “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади.
2023 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний шахсларга «Давлат мулки» ахборот тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза тақдим этиш ҳуқуқи берилади.
ЎзА