English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энди юз миллион сўмгача микроқарз олиш имкони яратилади
12:52 / 2023-12-26

Маълумки, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан муайян мақсадларда кредит ташкилотларидан кредитлар олинади. Ушбу кредит маблағлари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва кенгайтиришда кўпчилик ишбилармонларга қўл келмоқда.

Парламент қуйи палатасининг мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни масалаларга алоқадор. 

— Бугунги кунда кредит ташкилотларидан кредит олган жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари айрим объектив сабабларга кўра кредит тўловларини кечиктирган ёки қисман тўлаган ҳолларда, ушбу тўловларнинг кредит қарздорлигига сўндириш навбати бўйича амалдаги тартибни такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиев. — Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан микроқарз ёки кредит бўйича амалга оширилган тўлов суммаси агар қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарз мажбуриятларини мутаносиб равишда сўндирилишини назарда тутувчи тартиб белгиланмоқда. 

Шунингдек, кредит бўйича қарздорликни ва ҳисобланган фоизларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредит бўйича фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилишига оид ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда. 

Бундан ташқари, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунга микромолиялаштириш фаолияти деб эътироф этиладиган микроқарз беришнинг энг юқори миқдорини эллик миллион сўмдан юз миллион сўмгача оширилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда. 

Микроқарз асосан истеъмол учун берилади. Кичик тадбиркорлар ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиб, фаолият кўрсатишмоқда. Унинг суммаси 50 миллионгача деб белгилангани кичик тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтиришига бироз қийинчилик туғдирмоқда. Шунинг учун ҳам микроқарз беришнинг энг юқори миқдорини эллик миллион сўмдан юз миллион сўмгача ошириш мақсадга мувофиқдир, — деди Марказий банк раиси ўринбосари. 

Ушбу тартибларнинг жорий қилиниши қарз олувчилар учун қулай молиявий имкониятлар яратишга ҳамда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА