Йиллар йилларни қувлаб, Мустақиллик аталмиш буюк неъматга эришганимизга ҳам ўттиз уч йил бўлибди. Мустақилликнинг илк кунларидаги ҳадик, изтироб, турли келишмовчилик, бир сўз билан айтадиган бўлсак, тала-тўп замонлар.
Мустақиллик сўзи дунёнинг ҳар бир қаричида турлича ифодаланади. Лекин мазмуни, моҳияти ва салмоғи бир. У ҳам бўлса, озодлик, ҳурлик ва ўз эркининг тантанасидир.
Ҳеч қайси замонда озодликка эришиш осон кечмаган. Бунга тарих гувоҳлик беради. Қарама-қаршиликлар, зиддиятлар, сиёсий курашлар натижасида қўлга киритиладиган мустақилликнинг йиллар оша ўз нуфузи ва қадри ортиб бориши эса бор гап.
Кечагидек ёдимда. Ўша пайтларда катта фарзандим ўн ёшга тўлган, кичиги эса беш ёшлар чамасида эди. Рўзғоримиз катта бўлгани сабаб оиладан бўлак бўлиб, турмушнинг “тўрваси” елкамга осилганди. Бир ёқда ҳовли-жойни тиклаш, бир ёқда қорин, усти-бош деган ташвишлар. Мамлакат ўта оғир кризисни бошдан кечираётган паллалар. Дўконлар бўшаган, ишлаб чиқариш издан чиққан, маҳсулот етказиш, уни сотиш қўйингки барчаси одамлар орасида давлат бошқарувига ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқарган эди. Одамлар эртанги кунини эмас, бир куни осуда ўтишини истаб қолган дамлар. Ҳозир ҳаммаси кинолентадек кўз олдимдан ўтмоқда. Бу жараёнлар биздан катта авлод вакилларига янгилик бўлмаса-да, ёш авлод учун замонавий эртакдек туюлади.
[gallery-18985]
Ортда қолган йиллар, хотираларни ёдга олиб ўтирган пайтимда қўл телефоним: “Эй дўст, қанча йўлни босиб ўтдик биз, Яхши-ю, ёмонни билиб қолдик биз”, деб нола қилиб қолди. Ҳа аслида ҳам шундай. Йиллар ортда қолди. Тугмачани босдим. Дўстим билан ғойибона суҳбат қурдим. Суҳбат орасида дастурхон атрофида бир пиёла чой билан ўтмиш, ҳозирги давр ва келажак ҳақида суҳбат қуриш таклифи бўлди. Дўстимга маъқул тушди ва уч-тўртта дилга яқин, ҳамсуҳбат бўладиган жўралар паловхонтўра баҳонасида жам бўлдик. Суҳбат аввалида бир-биримизни байрам билан табрикладик. Ўз-ўзидан босиб ўтилган 33 йиллик хотиралар қайта жонланди.
Истиқлол йўлида ташланган ҳар бир қадам Ўзбекистоннинг келажаги, халқимизнинг миллат сифатидаги ўз ўрни, ўз овози борлигидан далолат берувчи қадамлар бўлди. Ўшанда бизга ишонқирамай қараганлар ҳам топилди. Ички ва ташқи кучлар қора булут сингари ўз кўланкасини ташлай бошлади. Лекин яхшилик ҳамиша ғалаба қозониши бор ҳақиқат. Юртбошимиз раҳбарлигида барча-барча қийинчиликларни енгиб ўта олдик.
Ўзбекистон ер юзининг энг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин олишини тасаввурига сиғдира олмаганлар бугун лол, ҳайрон. Бир куни машинада кетаётиб радио орқали узатилаётган бир суҳбатни эшитдим. Хорижлик бир сайёҳ юртимиз ҳақида сўз юритиб, шундай деди: “Мен Ўзбекистонда биринчи бор бўлишим. Ўзбекистон ҳақида кўп эшитганман. Бугунга келиб юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал деган гапга яна бир бор амин бўлдим. Гўзал кўчалар, сўлим хиёбонлар, кўллар, кўприклар, маҳобатли турар жой бинолари, бири-биридан чиройли меҳмонхоналар кишини ўзига мафтун этади, қўяди. Юртдошларингиз чеҳрасидаги табассум, бир-бирига бўлган муносабати, кўча-кўйда эмин-эркин юриши мени ҳайратга солди. Яна бир нарсани айтай, ёшим олтмишга бориб қолди. Биринчи бор осуда уйқуга бош қўйиб, биринчи марта тонгда қушларнинг майин сайрашини тинглаб тонг оттирдим. Бу мен учун мўъжиза бўлди. Ўзбекистон ҳақиқатдан жаннатмакон юрт экан”.
Тинчлик – юртимизнинг энг улуғ неъмати. Тинчлик осмондан тушиб қолмайди. Бунинг учун курашилади, заҳмат чекилади. Шунинг учун уни асрашимиз лозим. Қўл қовуштириб ўтириш бизнинг халқимизга ёт. Пойдевор қўйилди. Қўйилганда ҳам ўта мустаҳкам. Ана шу пойдевор ҳар қандай тўфонларга дош бера олади. Замини мустаҳкам, пойдевори бақувват юртнинг иморатлари, албатта, абадий бўлиши муқаррар.
Ўттиз уч йил илгари туғилган гўдак бугунги кунда дунёни заб этишга билагида кучи, юрагида ўти билан майдонга чиқмоқда. Улар орасида нафақат юртимизда, балки дунёда ўз ўрни, ўз овози бор йигит-қизлар бор. Спорт соҳасида жаҳон чемпионлари, илм соҳасида етук олимлар кўп. Юртимизда улкан ўзгаришлар рўй берди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият ва спорт, сайёҳлик, ишлаб чиқаришнинг барча йўналишларида қўлга киритилаётган ютуқларимиз мақтанса арзигулик. Куни кеча ниҳоясига етган икки юздан зиёд давлатлар иштирок этган олимпиада мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтарган, ўзбек мадҳиясини дунё бўйлаб жаранг сочтирган спортчиларимиз ўн учинчи ўрин билан якунлаб, мана-ман деб кўкрагини муштлаганларни бошини эгиб, юртимизга шараф олиб келди. Бунақаси ҳали бўлмаган.
Хонобод қишлоғимиз кўчаларида қад ростлаётган иморатларни кўриб етти ёшли набирамнинг ҳаваси келди чоғи, “Додажон, биз қачон шунақа уйлар қурамиз?”, деб қолди. Албатта, қурамиз. Бундан ҳам чиройли қилиб қурамиз дедим ва қайта назар солдим. Ҳақиқатан ҳавасингиз келади.
Шунда бир пайтлар бўлган воқеа эсимга тушди. Отам дўконда ишларди. Дарвозанинг устки қисмини оқ тунука билан қопладик. Агар ишонсангиз бир ҳафтага бормади. Отамнинг бир дўсти катта жойда ишларди. Бир куни уйимизга келиб, томга ишора қилди. Отам эртасигаёқ мовий рангдаги бўёқ олиб келдилар. Мана бу бўёқни олгин-да бўяб қўй, дедилар. Нега бўяймиз дедим. “Замон нотинч, бўяш керак дейишди, демак бўяш керак”, дедилар-да хомуш уйга кирдилар. Кейинчалик билсам, оқ тунука билан томини қоплаганлар назоратга олинар экан. Бугун эса бунинг тамоман акси.
Набирамнинг саволи фикрларимни тўзғитиб юборди. “Додажон, кўчаларда машиналар кўпайиб кетибди. Қаранг, ҳаммаси чиройли. Сизга қанақаси ёқади? Қайсини танласангиз ўзим олиб бераман”, дейди. Ҳақиқатан ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машиналар бири-биридан чиройли. Кўчаларни тўлдириб юрган машиналарнинг деярли барчаси ўзимизда ишлаб чиқарилган. Булардан ташқари, рўзғорда ишлатиладиган дазмол, совиткичдан тортиб, кир ювадиган машинагача, телевизордан тортиб, барча маиший техника анжомлари ҳам ўзимизники. Ўзимизники бўлганда ҳам бирор бир хорижникидан қолишмайди.
Мустақиллик шарофати билан бугунги кунда қаерга қўлимизни чўзсак етмоқда. Фақат... шу юртни ўзига Ватан деб билган, шу юрт учун жонини тикадиган ҳар киши бепарво ва лоқайд бўлмаслиги, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлмоғи даркор.
Қийинчилик билан эришилган ҳар бир неъмат қадрли бўлгани каби мустақил бўлиш ҳам осон кечмади. Унинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидай асраш сизу бизнинг зиммамизда. Буни чуқур англаб яшаш учун ҳаммамизда етарли салоҳият, тушунча, тажриба ва ирода бўлиши керак. Мустақиллик биздан ҳеч нарса сўрамайди. Лекин у бизга кўп нарса берди. Берганда ҳам жуда кўп. Бунинг қадрига етиш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Кечаги кун тарихга айланди. Бугунги кунга назар ташланг, гўё мўъжиза дейсиз. Давр ўзгарди, дунёқараш ўзгарди. Кишилар турмушида юксалиш бошланди. Замон билан эмас, замондан илдамлаб, шижоат билан яшашга иштиёқ уйғонди. Устимиз бут, қорнимиз тўқ. Тўйлар қиляпмиз, замонавий уйлар қуряпмиз. Бу нимадан далолат? Албатта, юртимиздаги тинчликдан, ҳамжиҳатликдан. Ютуқлар кўп. Яхши натижалар бисёр. Инсонлар турмушидан рози бўлиб яшаш бахтига эришмоқда. Бу юртимизда олиб борилаётган адолатли ва изчил сиёсатнинг амалдаги натижасидир.
Дўстлар билан суҳбатимиз қизигандан-қизиди чоғи қош қорайганини ҳам сезмай қолибмиз. Дастурхонга дуо қилдик. Ватан тинчлиги, юртбошимиз олиб бораётган сиёсат ривожини тилаб фотиҳа тортдик. Энг асосийси дўстлар билан юртимизнинг сўлим манзиллари, тарихий масканларини зиёрат қилишга келишиб оиламиз томон йўл олдик. Ахир айтишади-ку, юрган дарё деб. Бундай тинч осуда юртда энди яшайдиган замон келди.
Асрор Сулаймонов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА.