Бугунги кунда хориждан Ўзбекистонга келиб таълим олаётган талабалар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Бундан 3 йил аввал хорижий талабаларнинг сони 3 минг бўлган бўлса, айни пайтда 30 мингга етди. Ўз навбатида, Ўзбекистондан чет давлатларга бориб таҳсил олаётган ёшларимиз сафи ҳам тобора кенгайиб бораётгани қувонарли. Жумладан, 150 мингга яқин талаба ёшларимиз хориждаги Топ университетларда таълим олмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенцияси ана шундай талабаларнинг олган малакаларини тан олиш, уларга шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. 2019 йил 25 ноябрда ишлаб чиқилган ушбу конвенция 2023 йилда 22 та давлат ратификация қилганидан сўнг кучга кирган. Ҳозирда 38 та давлат мазкур ҳужжатни ратификация қилган. Эндиликда, Ўзбекистон ҳам ушбу глобал конвенцияни ратификация қилиш арафасида.
[gallery-25959]
Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган “Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенцияни (Париж, 2019 йил 25 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси айни мақсадга қаратилган.
Қайд этилганидек, Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш глобал конвенцияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий таълим бўйича биринчи глобал шартномаси ҳисобланади. Хусусан, у дунё бўйлаб олий таълим муассасаларига кириш ва улар ўртасида мобилликни яхшилаш мақсадида ўқув курслари, таълим тўғрисидаги ҳужжатлар ва малакаларни тан олишнинг универсал тамойилларини белгилайди.
Мазкур Шартноманинг асосий мақсади олий таълимдаги малакаларни тан олиш учун адолатли, шаффоф ва камситилмайдиган глобал асосни яратиш, минтақалараро академик мобилликни кенгайтириш ҳамда талабалар, ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг малакаларини тан олиш ва уларнинг эркин ҳаракатланишига кўмаклашиш, олий таълимга оид ҳужжатларни тан олишда барча минтақалар учун умумий ва келишилган тамойилларни ишлаб чиқишдан иборат.
Ушбу конвенцияни ратификация қилиш олий таълим соҳасидаги малакаларни адолатли, шаффоф ва камситмасдан тан олиш учун асос яратади. Қолаверса, минтақалараро академик мобиллик учун имкониятлар очиб, квалификацияларни тан олиш амалиётини яхшилашга қаратилган универсал тамойилларни жорий қилади.
Шу билан бирга, глобал конвенция талабалар учун бутун дунё бўйлаб таълим ва илмий тадқиқотларни давом эттириш имконини яратади. Унга аъзо бошқа етакчи давлатлар билан таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиради, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш имкониятини беради.
Мажлисда мазкур конвенциянинг долзарблиги эътироф этилган ҳолда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА