Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган “Марказ” подстанциясига ҳар бири 40 минг киловатт қувватга эга бўлган иккита замонавий трансформатор олиб келинди.
Юқори кучланишли ушбу ускуналар 10 минг нафар аҳоли ҳамда бир қатор тадбиркорлик субъектларини электр энергияси билан таъминлайди. Ҳозир трансформаторларни ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.


– Мазкур жиҳозлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан етказиб берилди. Ҳозир уларни ўрнатиш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда, – дейди АЖ Сирдарё ҳудудий филиали бош муҳандиси Дилшод Абдуқодиров. – Ушбу ишлар орқали аҳоли ва тадбиркорлар узлуксиз ҳамда ишончли электр энергияси билан таъминланади.


Шу билан бирга, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида эскирган симёғоч устунлар темир-бетон таянчларга алмаштирилмоқда. Хизмат муддати ўтган электр тармоқлари ҳам замонавий ва бардавом линияларга янгиланмоқда.
Маҳаллий аҳоли бундай ўзгаришлардан мамнун.


Ҳудудда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида подстанцияларни модернизация қилиш, паст кучланишли трансформаторларни янгисига алмаштириш ишлари тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири