Ноинсоф тадбиркорлар солиқлар ва турли мажбурий тўловларни тўлашдан бош тортиш мақсадида янги усулларни ўйлаб топишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси уларнинг режаларига чек қўйиш мақсадида уларнинг усулларини ўрганиб, ҳуқуқбузарлар фойдаланадиган қонун ва амалдаги қоидалардаги бўшлиқларни тўлдирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, бугунги кунда айрим тадбиркорлик субъектлари орасида ҳудуддан ҳудудга кўчиб юриш (дислокация, манзилни ўзгартириш) орқали солиқларни тўлашдан қочиш ёки вақтинчалик солиқ назоратидан чиқиш мақсадида бошқа субъектга қўшилиш схемаси жуда кенг тарқалган.
Бунга чек қўйиш мақсадида “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартишлар киритилди. Масалан, жорий йилнинг 2 мартидан бошлаб компаниянинг манзилини ўзгартириш тартиб-таомили кучайтирилади. Янги тартибга кўра, ўз солиқ мажбуриятларини бажармаган тадбиркорларни юридик манзилни ўзгартириш билан боғлиқ қайта рўйхатга олиш солиқ органининг электрон хулосаси асосида амалга оширилади.
Айни пайтда, зарур мажбуриятларни бажариш бир неча мезонлар асосида текшириб кўрилади: асосий ҳисоблаш миқдоридан 300 баравар кўп солиқ қарздорлигининг бўлиши (73,5 миллион сўм), товар айланмаси ва импорт қилинган товарлар ҳажмининг солиқ ҳисобдорлигида тўлиқ акс эттирилиши шулар жумласидан. Шунингдек, солиқ ҳисобдорлигининг ўз вақтида топширилиши ҳам текширилади.
Агарда тадбиркор ўз мажбуриятларини ушбу мезонларга кўра бажарса, у қайта рўйхатдан ўтади. Мажбуриятларни бажармаганлар ва рад жавобини олган тадбиркорлик субъектлари ўз хатоларини тузfтиб, қайтадан мурожаат қилиши мумкин.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА