Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Энди шифокорлар хонадон аъзосига айланади»
12:41 / 2021-01-15

Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти мамлакатимизнинг турли минтақаларига бориб, ҳудудларда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг ижроси билан яқиндан танишмоқда.

Бу борадаги муҳим вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилишини янада жадаллаштириш учун катта амалий ёрдам кўрсатмоқда. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари  Амирилло Иноятов Фарғона водийси вилоятларида бўлди.  

 Сафар Наманган вилоятида якунланди. Наманганда ҳам соғлиқни сақлаш тизими ишини янги босқичга кўтариш, айниқса бирламчи бўғин фаолиятини янада такомиллаштириш борасида муайян ишлар қилинмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, халқнинг тиббий хизматдан розилигига эришиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар пировардида ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.

 Вазирнинг биринчи ўринбосари дастлаб Тўрақўрғон туманидаги «Шоҳидон» оилавий шифокор пунктига ташриф буюрди. Муассаса жамоаси 8 минг нафардан зиёд аҳоли саломатлигини таъминлашга масъулдир. Ўтган ойда ҳудудда жойлашган учта маҳаллада яшовчи фуқаролар тиббий хатлов ва антропометрик ўлчовлардан ўтказилганди.  

ОШП мудири Мавлуда Муродова бу жараённинг якунлари, маълумотларнинг жамланиши ва улар асосида саломатлик ҳамда касалланиш кўрсаткичларининг шакллантирилиши ҳақида сўзлаб берди. Мулоқот чоғида Амирилло Иноятов шифокор ва ҳамшираларнинг кейинги босқичлардаги долзарб вазифаларига эътиборни қаратди.

Шундан кейин фаолият натижадорлигини ўрганиш аҳоли яшаш жойларида давом этди.  

«Гулистон» маҳалласининг "Мустақиллик" кўчасидаги хонадонларга кирилди. 7-уйда яшовчи 65 ёшли Нафиса Тўхтаназарова хонадонида кечган суҳбат чоғида меҳмоннинг «Жорий йилда тиббиёт ходимлари деярли хонадон аъзосига айланишади, чунки энди оилавий шифокорлар тез-тез уйларга келиб, одамлар саломатлигини қатъий назоратга олишади», деганида онахон ғоят тўлқинланиб кетди.  

- Минг раҳмат, аҳоли соғлиғи учун шу қадар ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Бунга жавобан биз нуронийлар маҳаллада соғлом турмуш тарзи, айниқса соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилишда астойдил фаоллик кўрсатяпмиз, - деди Н. Тўхтаназарова.

А. Иноятов аҳоли вакиллари билан учрашув пайтида соҳада кечаётган янгиланишлар ҳақида сўзлаб берди. Маҳаллада яшовчи фаол аёлларнинг бир гуруҳига саломатликларини тиклаш учун дори-дармонлар тўпламлари ва «Косонсой» сиҳатгоҳига йўлланмалар топширди.

 Вилоятга ташриф давомида Наманган шаҳри ва Поп туманидаги даволаш-профилактика муассасалари фаолияти ўрганилди. Бирламчи тизим ишини янада юксалтириш, аҳолини тўлиқ тиббий хатловдан ўтказиш, бу жараён шаффофлигини таъминлаш ва бошқа долзарб вазифалар ижроси таҳлил этилди. Мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.  

 

Абдулла ҒОЗИЕВ,

 Санжарбек ҲАМИДОВ олган сурат