Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энди қурилишга улуш киритиш фақат нотариал тасдиқланган шартнома асосида амалга оширилади (+видео)
19:29 / 2025-05-22

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон қурувчилари ассоциацияси билан ҳамкорликда қурилиш-пудрат ташкилотлари ва девелоперлар учун очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда мамлакатимизда 221 мингдан ортиқ хонадон фойдаланишга топширилди. 2022 йилда ташкил этилган 29 та “Янги Ўзбекистон” массивлари сони 2024 йилда 52 тага етказилди ва уларда 28 минг хонадонли 803 та уй қурилди. Жорий йил ушбу кўрсаткич, яъни уй-жойлар қурилиши 135 минг хонадонга етказилади. 

Очиқ мулоқот давомида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов тизимдаги мавжуд муаммоларнинг олдини олиш, қурилиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар фаолиятига кўмаклашиш, шу билан бирга, халқ манфаатларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этиб бораётганини таъкидлади.

– Мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб қурилиш соҳаси, хусусан, уй-жойлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вазир Шерзод Ҳидоятов. – Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси, шахсий ташаббуси ва амалга киритган қарор ҳамда фармонлари туфайли жойларда бунёдкорлик ишлари оммавий тус олди. Мана шу ташаббус, куч ва ғайрат, шижоат туфайли бугун жойларда бутун бошли шаҳарчалар пайдо бўлмоқда. Албатта, бу борадаги саъй-ҳаракатлар ривожида қурилиш ташкилотларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Бугунги учрашувда аҳолини ўз муддатида сифатли ва шинам уй-жойлар билан таъминлашнинг самарали механизмлари, бу йўналишдаги ҳуқуқий асослар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими хусусида эркин мулоқот қилиб оламиз, деган умиддаман. Тан олиш керак, кўп ҳолларда янги қурилаётган уйларнинг топширилиши кечикиб, аҳолининг тўлаган пуллари музлаб қолаётгани, шартномалар асосан бир томонга хизмат қилаётгани каби ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Ҳали бир ғишти қўйилмасдан туриб, уй-жой сотиш, одамлар лойиҳада кўрган хонадони учун белгиланган нархнинг бир қисмини олдиндан тўлаши, энг ачинарлиси, шартнома шартларини тузукроқ ўқимасдан ҳамда уй-жой қурилишига қонуний асослар ўрганилмасдан имзолаши ортидан юзага келаётган муаммолар аксариятимизга таниш. 

Шу каби ҳолатлар ва айни вазият уй-жой қурилишида аҳоли маблағлари ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган янги тартибни жорий этишни тақозо этаётган эди. Президентимизнинг жорий йил 27 январь куни қабул қилган “Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони масала ечимида айни муддао бўлди. 

Унда турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини янада тартибга солишга қаратилган аниқ механизмлар белгиланди. Аввало, бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш кўзда тутилган. Қолаверса, уй-жойларни улуш киритиш ва ипотека кредити асосида сотиб олишнинг ишончли ва самарали имкониятлари яратилмоқда. Аввало, бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш кўзда тутилган. 

Қолаверса, уй-жойларни улуш киритиш ва ипотека кредити асосида сотиб олишнинг ишончли ва самарали имкониятлари яратилмоқда. 

Очиқ мулоқотда қайд этилишича, энди қурилишга улуш киритиш фақат нотариал тасдиқланган шартнома асосида амалга оширилади. Жорий йил 1 июлдан бошлаб қурувчилар ва мижозлар ўртасидаги улуш киритиш шартномалари мажбурий тартибда нотариусда тасдиқланиши ва кадастр рўйхатидан ўтказилиши керак бўлади. 

Шу санадан эътиборан янги механизм — “Эскроу” тизимини жорий этиш бошланади. Бу тизим улушдор, яъни уй-жой сотиб олиш истагидаги харидорнинг ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоялаб, тўлов пуллари ишончли сақланиши ва хонадон ўз вақтида топширилишини кафолатлайди. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/iFL0mN2mADo" title="Endi qurilishga ulush kiritish faqat notarial tasdiqlangan shartnoma asosida amalga oshiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА