Сўнгги олти йилда Ўзбекистон иқтисодий барқарорлик, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларида кўплаб ютуқларга эришди. Хусусан, фуқароларнинг кундалик турмуш тарзидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташланиши, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммоларнинг ҳал қилиниши шулар жумласидандир.
Жумладан, олдинлари оиладаги кимнингдир судланиши, жамиятда унинг қолган оила аъзоларининг ҳам кўплаб ҳуқуқларини чеклар эди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилган ислоҳотлар сабаб бундай тақиқ қонунчиликдан чиқариб ташланди. Кимдир билиб, ё билмай қилган хатоси учун фақатгина ўзи жавобгар бўлиши белгилаб қўилди.
Аммо, бугун ортга қайтмас даражада тус олган ислоҳотларимиз юқоридаги каби ўзгаришларнинг конституциявий ҳимоясини таъминлаш зарур эканлигини кўрсатмоқда. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун, уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш талаб этилади.
Шу боисдан, Конституциявий ислоҳотлар доирасида қуйидаги муҳим ғоя ва қоидаларни акс эттирувчи бир қатор асосий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, янгиланаётган Конституциянинг 20-моддасида инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилмоқда.
Албатта, ушбу норма фуқароларга қандай имконият беради деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Жамиятда ҳеч бир шахс йўқки, ўз ҳаёт фаолияти давомида у ёки бу масала бўйича давлат органларига мурожаат этмаса. Уларни ҳал қилиш эса давлат органларининг асосий вазифасидир. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги муносабатлар қонунчилик орқали тартибга солиниши эса табиий жараёндир.
Ҳар доим ҳам қонунчилик ва унда белгиланган нормалар мукаммал бўлавермайди. Айтайлик, қайсидир тадбиркорнинг фаолиятига нисбатан қўлланилаётган жазо чораси қонунчилигимизда ёки бошқа Ҳукумат қарорларида бир-бирига тескари ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Эндиликда, ана шундай ноаниқлик ҳолатларида тадбиркор ўзини оқлаш учун чора ёки ечим қидириши шарт бўлмайди. Сабаби, Конституцияга киритилаётган нормада бундай номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади дея қатъий норма билан мустаҳкамламоқда.
Ушбу принципнинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги бош ғоялардан бири бўлган “инсон – жамият – давлат” тамойилини амалга оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, 27-моддада ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши белгиланмоқда.
Бу эса, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича муҳим институтлардан бири “Хабеас корпус акт”нинг Бош қомусимизда қатъий белгилаб қўйилишидир. Эндиликда, шахс эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суднинг қарори асосида амалга оширилади. Бу одил судловга эришиш борасида бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқади.
Шу билан бирга, янгиланаётган Конституцияда самарали, ихчам ва халқчил давлат бошқарувини жорий қилиш, парламентаризмни кучайтириш, ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қатор нормалар ҳам муҳирлаб қўйилмоқда.
Ушбу нормаларнинг ҳаётимизда акс этиши 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумдаги фаоллигимизга боғлиқ. Шу боисдан, халқ вакили сифатида барча юртдошларимизни референдумда фаол иштирок этишга чақириб қоламан.
Олтиной Мамирова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА