Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ижтимоий ҳаётимизнинг барча йўналишларида ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу билан жамиятимиз эркинлашди, халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланди, энг муҳими фаровонлигимиз ошди. Мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида давлат бошқаруви ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, вакиллик органлари назоратининг самарали ва таъсирчан механизмларини йўлга қўйиш борасида изчил ишлар олиб борилаётгани ҳам эътиборга молик.
Халқ ҳокимиятини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида маҳаллий Кенгашларга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ташвишга солиб келаётган долзарб масалаларни ҳал этиш ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича қатор қўшимча ваколатлар берилди. Янгиланган Конституцияга асосан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш Олий Мажлис Сенатининг мутлақ ваколатларидан бири сифатида белгиланди. Олий Мажлис Сенати таркибида Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия, Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ташкил этилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган 20 дан ортиқ қарорлар қабул қилиниб, ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланди.
Бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш янгиланган Конституциядан келиб чиқиб, “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида 2025 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонда жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда кенг иштирок этишига оид демократлаштириш жараёнларини мустаҳкамлаш, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида номарказлаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш каби мақсадлар кўзда тутилган.
Фармон билан Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ҳамда ушбу концепцияни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ташаббускорлигини янада ошириш мақсадида бир қатор ваколатларни маҳаллий Кенгашларга ўтказиш бўйича таклифлар маъқулланди.
Фармон билан бюджет лойиҳасини ишлаб чиқишда маҳаллий бюджет харажатларининг муайян қисмини маҳаллий Кенгаш депутатларининг бевосита ташаббуси асосида шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш, маҳаллий Кенгашлар қошида Ёшлар ҳамда Маслаҳат гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш, маҳаллий Кенгаш Раёсати, Кенгаш раиси ўринбосари институтларини жорий этиш белгиланди.
Энди одамларнинг муаммоси қоғознинг ўзида ҳал қилиб юборилмайди. Янги тизим “Маҳалла — Туман Кенгаши — Вилоят Кенгаши — Сенатдан иборат бўлади. Муаммо ҳал бўлмаса, шу занжир бўйича тепагача етиб боради. Кенгашлар ўз ҳудудидаги энг долзарб масалаларни Сенат муҳокамасига олиб чиқиши мумкин бўлади. “Маҳалла еттилиги” + депутатлар дастурларни бирга тузади, самарали ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу янги механизм – муаммо қаерда пайдо бўлса, ўша ерда ечим топилади, дегани.
Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси доирасида ҳоким ўринбосарлигига номзодларни маҳаллий Кенгаш доимий комиссияларида дастлабки тарзда муҳокама қилиш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш бўйича “Кенгаш соати” институтини жорий этиш, фуқароларнинг маҳаллий Кенгаш сессияси ишини бевосита кузатиши бўйича тизимни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Концепция доирасида маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолияти самарадорлигини оширишга, ҳудуд манфаатларига оид ҳамда аҳоли томонидан кўтарилаётган муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича имкониятларни кенгайтиришга, қарорлар қабул қилишда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга оид қатор чоралар белгиланмоқда. Бундан ташқари, “қулайлик” – “соддалик” – “хавфсизлик” тамойили асосида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич татбиқ этиш каби чораларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Концепцияни амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси мувофиқлаштирилади. Шу билан бирга, белгиланган мақсадларга эришишда маҳаллий вакиллик органларига ҳар томонлама кўмаклашиб борилади.
Концепцияга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари тизимини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари белгиланди.
Хусусан, биринчидан, маҳаллий Кенгаш, уларнинг органлари ҳамда депутатларининг назорат фаолиятини такомиллаштириш, бюджет ва ҳудудларни режалаштириш жараёнларидаги иштирокини кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Иккинчидан, аҳоли муаммолари ва ҳудуд манфаатларига оид муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этишни «маҳалла еттилиги» – туман (шаҳар) Кенгаши – вилоят Кенгаши – Сенат» тамойили асосида кучайтирилмоқда.
Учинчидан, маҳаллий Кенгашнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, қарорлар ишлаб чиқишда кенг жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш назарда тутиляпти.
Тўртинчидан, маҳаллий Кенгаш депутатларининг мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кучайтириш белгиланмоқда.
Бешинчидан, маҳаллий Кенгаш фаолиятининг ташкилий-институционал асосларини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш назарда тутиляпти.
Олтинчидан, маҳаллий Кенгаш фаолиятида ўзаро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, еттинчидан, маҳаллий Кенгаш фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, «E-Kengash» электрон платформасини такомиллаштириш каби вазифалар амалга оширилади.
Бу “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш” концепцияси мамлакатимизда маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштириш ва жамиятнинг ҳар бир аъзосининг ҳаёт даражасини яхшилашга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланишини кўрсатади.
Мақсад маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг самарали фаолиятини таъминлаш, уларнинг мустақиллигини ва жавобгарлигини ошириш орқали ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштиришдан иборат.
Бу маҳаллий аҳоли эҳтиёжларини аниқлаш ва уларни қондиришда маҳаллий давлат органларининг ролини кучайтириш имконини беради. Шу билан бирга, қонун устуворлиги ва жамоатчилик назоратини таъминлаш, фуқароларнинг маҳаллий бошқарув жараёнларида фаол иштирокини рағбатлантириш ҳам концепциянинг муҳим вазифалари саналади.
Жамият учун ушбу концепциянинг аҳамияти катта. Биринчидан, маҳаллий давлат ҳокимиятининг самарали фаолияти орқали ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос муаммолари тез ва мақбул тарзда ҳал этилади. Бу эса аҳоли турмуш даражасининг янада яхшиланишига олиб келади. Иккинчидан, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувдаги иштироки орқали демократик тамойиллар чуқурлашади, жамиятдаги адолат ва тенглик тамойиллари мустаҳкамланади. Учинчидан, маҳаллий вакиллик органлари ва ижроия ҳокимияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик кучайиб, давлат бошқаруви тизими янада шаффоф ва самарали бўлади.
Концепциянинг асосий вазифаси – маҳаллий ҳокимият органларининг мустақиллигини кучайтириш, жамоатчилик билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва маҳаллий аҳолининг эҳтиёжларини аниқлашда уларнинг ролини оширишдан иборат. Бу эса маҳаллий даражада қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш ва уларнинг сифатини яхшилаш имконини беради. Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари аҳоли манфаатларини ифодалашда муҳим восита ҳисобланади. Концепция уларнинг ҳуқуқий ва молиявий имкониятларини кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этиш йўлида қатор чора-тадбирларни назарда тутади. Бу эса маҳаллий даражадаги муаммоларни тез ва самарали ҳал этиш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, концепция маҳаллий бошқарув органлари вакиллик органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, уларнинг вазифа ва функцияларини аниқлаштиришга йўналтирилган. Бу бевосита жамоатчиликнинг сиёсий фаоллигини ошириш, демократик институтларни ривожлантириш ва давлат бошқарувининг шаффофлигини таъминлашга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш” концепцияси маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш, уларнинг имкониятлари ва салоҳиятини кенгайтириш, шу билан бирга жамиятда демократик тамойилларни мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Ушбу концепциянинг амалга оширилиши орқали мамлакатимизда маҳаллий бошқарувнинг самарадорлиги ошади, аҳоли ҳаётининг сифатли томонга ўзгариши таъминланади. Асосийси, у мамлакатимизда демократияни чуқурлаштириш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қиладиган муҳим стратегик ҳужжатдир. Ушбу концепциянинг амалга оширилиши орқали Ўзбекистонда маҳаллий давлат бошқаруви янги босқичга кўтарилиб, жамиятнинг барча қатламлари учун қулай ва адолатли бошқарув муҳити яратилади.
Ташпўлат Матибаев,
социология фанлари доктори, профессор,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати.