French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энди музейлар ҳам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади
17:58 / 2021-04-05

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар дастлаб Ҳисоб палатасининг 2020 йилги ҳисоботини эшитди.

Йиғилишда палата расмий вакили ўтган йил амалга оширилган ишларга қисқача тўхталиб, 2020 йилда 87 та назорат тадбири ва таҳлилий ўрганиш амалга оширилганини қайд этди.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда доимий мониторинг ва назорат тадбирлари олиб борилди. Бунинг натижасида Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 69 та ҳолатда 13,9 миллиард сўм мақсадсиз сарфланган маблағ жамғармага қайтарилди. Шунингдек, 858 та ҳолатда 2,6 миллиард сўмлик ортиқча ва асоссиз тўловнинг олди олинди.

Жамғарма маблағлари сарфланиши ўрганилганда ҳам молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Хусусан, соғлиқни сақлаш муассасаларида коронавирус касаллигини даволаш тўхтатилган бўлса-да, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни тўхтатмасдан 31,7 миллиард сўм маблағ бошқа мақсадларга йўналтирилган. Шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағларни мақсадли ва ўз вақтида ажратилиши устидан ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида 2,8 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланиб, 2,3 миллиард сўми бюджетга қайтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларидаги топшириқлар ижросини назорат қилиш ишлари ҳам ҳисобот йилида изчил давом эттирилди ва бу борада сусткашликка йўл қўйилиши кузатилган вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликларга 77 та тақдимнома киритилди. Топшириқлар ижросини таъминламаган 150 нафардан ортиқ масъулларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Шундан сўнг депутатлар «Музейлар тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди. Ушбу лойиҳа музейлар даромад манбаларини кўпайтириш мақсадида улар томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, жумладан, товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Жумладан, музейлар ашёлар ва музей коллекциялари хавфсизлиги таъминлаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкинлиги таклиф қилинмоқда ва ундан топилган маблағлар давлат бюджети даромадларига олиб қўйилмайди. Ушбу маблағлар музейларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришга сарфланади.

Давлат музейларига бюджетдан ажратиладиган маблағлар музейлар томонидан пуллик хизматлар кўрсатиш, жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, чет элдан ихтиёрий хайриялар, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан маблағлар тушган тақдирда ҳам камайтирилмайди ҳамда ушбу маблағлар музейларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришга сарфланади. Музейларга маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланишга устуворлик ҳуқуқи берилади.

Депутатлар ушбу қонунга киритилаётган ўзгаришлар музейлар моддий-техник таъминотини янада яхшилашини эътироф этиб, лойиҳани концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқуллади.

Фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Маълумотларга қараганда, мамлакатимизнинг 78 фоиз ер майдони сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган бўлиб, 6 ва ундан юқори баллик ер силкинишлари доимий равишда содир бўлиши кузатилади. Шу сабабли, аҳоли ва ҳудуднинг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг қонуний асосларини такомиллаштириш, масъул давлат органларининг бу борадаги ваколатларини белгилаш ҳамда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш, уларнинг оқибатларини бартараф этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд. Бугунги кунда сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги муносабатлар 20 га яқин қонуности ҳужжатлар билан тарқоқ ҳолда тартибга солинади ва мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган барча тадбирлар қонунчиликда назарда тутилмаган. Бу эса ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишига сабаб бўлди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА