Жалил ака Жўраев Бухоро вилояти Когон шаҳри Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилади. Ўзи II гуруҳ, аёли эса I гуруҳ ногирони.
Икки нафар фарзанднинг отаси Жалил ака оиласи учун, болаларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши учун тинмай ҳаракат қилади. Ногирон бўлишига қарамасдан косибчилик ҳунарини ўрганиб, шунинг ортидан озми-кўпми даромад қилиб келаётган эди.

Когон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази масъул ходимлари Жалил аканинг оилавий шароитини ўргангач, уни шаҳарда фаолият юритаётган “New star 2020” ишлаб чиқариш корхонасига ишга жойлаштиришди.
Корхонада аёллар пойафзали ишлаб чиқарилиб, тайёр маҳсулотлар фақатгина хориж давлатларига экспорт қилинади.
Жалил аканинг иши ҳам пойафзалларнинг таг қисмини тайёрлаб бериш, тикув машинасида ишлашдан иборатдир. Ҳам соғлиғига салбий таъсири йўқ, ҳам доимий 2,5 миллион сўмдан маош олади.

–Ҳунаримнинг ортидан рўзғоримдаги қорақозоним қайнаб турганди, –дейди Жалил ака Жўраев. –Лекин доим ҳам даромадга эга эмас эдим. Давлатимиз томонидан менга шундай имконият яратилгани оила аъзоларимни жуда ҳам хурсанд қилди. Энди менинг доимий иш жойим ва даромадим бор.
Давлатимиз раҳбари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни муқим даромадли иш билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар нафақат уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга, балки жамият ҳаётига аралашишида ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари