Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Энди мен ҳам сайловда қатнаша оламан!”
17:42 / 2024-09-19

2020 йилнинг 13 март куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун орадан 6 ой ўтиб кучга киргач, бир неча ўн йиллаб мамлакатимиз фуқаролигини ололмай юрган юзлаб жиззахликларнинг ҳам орзулари рўёбга чиқмоқда.

Мамлакатимизда барча соҳа ва йўналишларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, юритилаётган оқилона сиёсат самарасида кўплаб соҳаларда фуқароларимиз учун кенг ва катта имкониятлар берилиб, қулайликлар яратилмоқда. Паспорт тизимида ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишдаги қонуннинг соддалаштирилгани ва яратилган имконият сабаб Бахмал тумани “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қурбонзўр қишлоғида истиқомат қилиб келаётган Нодира Раҳмонқулованинг 30 йиллик орзуси амалга ошди. 

Асли Тожикистон Республикасида туғилиб, Ўзбекистонга келин бўлиб тушган Нодира шу кунга қадар фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси билан яшаб келаётган эди.

– Тўғриси, фуқаролигим бўлмаганидан кўп ҳолларда роса кўнглим ўксиган, – дея ўтган йилларини хотирлайди Нодира Раҳмонқулова. – Банкдан кредит олай, десам, “Сизнинг фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномангизга кредит берилмайди” дейишарди. Шифохонага тушиб қолсам, фуқаролигим бўлмагани учун қўшимча пул тўлашимга тўғри келарди. Ҳатто, янги олган қўл телефон аппаратимга рақам олиш учун борганимда “Бу ҳужжатингизга номер бераолмаймиз”, дейишган. Айниқса, қўни-қўшниларим, бир-бирларини чақиришиб, сайловга кетишаётганида уйнинг бир бурчагига яшириниб, йиғлаган кезларим ҳам бўлган. 

Куни кеча туман паспорт столидан қўнғироқ қилиб, мен Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганимни, бориб паспортимни олишим мумкинлигини айтишганида, қувончдан йиғлаб юбордим. Барча ўзбекистонликлар билан тенг ҳуқуққа эга бўлганимдан бошим осмонга етди. Энди, ҳамма қўни-қўшниларим билан бир сафда мен ҳам жорий йилнинг 27 октябрь куни сайловда иштирок этаоламан. Шу кунларга етишни мен роппа-роса 30 йил кутганман. 

2020 йилнинг 13 мартида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиб, ўша йилнинг 15 сентябридан бошлаб амалга кирган, номи юқорида зикр этилган қонунга асосан Нодира Раҳмонқулова Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинди ва унга Бахмал туман ИИБ М ва ФРБ вакили фуқаролик паспорти(ID карта)ни топширди. Энди Нодира Раҳмонқулова ҳам сайловда иштирок эта олади.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири