Бугун соғлом муҳитда шаклланган, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни тўғри йўлга қўйган ҳамда замонавий бозор қонуниятларини ўзлаштирган тадбиркоргина ўз фаолиятида юқори натижаларга эришиши мумкин.
Шу боис сўнгги йилларда савдоларнинг ҳар бир босқичида эркин рақобатни шакллантириш, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, айрим тоифа шахсларга берилаётган имтиёзларни чеклаш орқали барча тадбиркорлар учун бир хилда шарт-шароитлар яратишга алоҳида аҳамият қаратилди.
Аммо, амалга оширилаётган ислоҳотларни барча даражадаги масъуллар ҳам бирдек англаб етмаганлиги боис, айрим соҳа ва тармоқларнинг биржа савдо айланмаларида оқсоқликлар юзага келмоқда. Хусусан, сўнгги уч йилда юртимизда биржа савдо айланмаси 2 бараварга ўсиб, 90 триллион сўмга етган, сотиладиган товарлар сони эса 3 бараварга кўпайган.
Шунингдек, хорижий давлатларда Ўзбекистон товар-хомашё биржасининг 20 та савдо майдончаси ташкил этилиб, жорий йилнинг 4 ойида улар орқали 170 миллион долларлик маҳсулот сотилган. 1 минг 200 дан ортиқ хорижий компаниялар юртимиз биржасига катта ҳажмда маҳсулот қўйишни бошлаган, лекин, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар ҳисобга олинса, бу рақамлар қониқиш ҳосил қилиш учун етарли даражадаги кўрсаткичлар эмас.
Шу боис яқинда давлатимиз раҳбари бошчилигида товар-хомашё биржасида савдоларни ва унда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда эришилган натижалар билан бир қаторда, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Жумладан, биржа савдоларининг 85 фоизини 45 турдаги юқори ликвидли товарлар ташкил этмоқда. Тўқимачилик, ипак, чарм ва кабель каби корхоналар маҳсулотлари ҳамда ҳудудлардан Сирдарё, Андижон ва Сурхондарё вилоятлари корхоналарининг биржа савдоларидаги иштироки паст эканлиги қайт этилди. Айрим туман ва шаҳарларда нафақат тадбиркорлар, балки, ҳокимларда ҳам етарли даражадаги биржа савдолари бўйича кўникма йўқлиги танқид қилиниб, қисқа вақт ичида маҳаллий маҳсулотларни биржага қўйишда туманларни фаоллаштириш ишларини кечиктирмасдан ўз вақтида самарали ташкил этиш зарурлиги белгиланди.
Хусусан, 1 июлдан ҳудудлардан 500 минг тонна ғаллани биржа орқали сотиш йўлга қўйилади. Ушбу жараёнлар самарали ташкил этилиб, фермер ва юк ташувчиларни рўйхатдан ўтказиб, уларга қулайлик яратиш бўйича имкониятлар яратилади. Фермерлар буғдойни биржага қўйганда, улардан гаров талаб этилмайди. Сотилган маҳсулотга биржа томонидан бир кунда тўлов амалга оширилади. Фермерга тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини биржа кафолатлаб беради.
Шу билан бирга, 1 июлдан бошлаб биржада алоҳида истиқболли товарлар секцияси ташкил этилиб, маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маҳсулотини ортиқча ҳужжатларсиз сотиши йўлга қўйилади. Энг яхши сотилган товарлар, кейинчалик, биржанинг асосий савдо майдонларига жойлаштирилади. Тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида биржада ҳам ҳисобга олиш тартиби жорий этилади. Бу эса уларга яна бир қўшимча имконият яратиб беради.
Манфаатдорликни янада ошириш учун эса маҳаллий тадбиркорларнинг маҳсулотлари учун биржа тўловлари 2 бараварга қисқартирилади. Солиқ назоратида тадбиркорларнинг биржа орқали сотган ёки харид қилган товарлари бўйича қўшимча ўрганишлар ўтказилмайди. Ушбу имтиёз ва қулайликлар биржадаги товар айланмасини 2 бараварга ошириб, кимё, нефть-газ, металлургия, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатидаги улкан захиралардан самарали фойдаланишга шароит яратиб беради.
Албатта, ушбу жараёнларда малакали кадрлар масаласи ҳам муҳим саналади. Шу боис йиғилишда соҳа учун ҳар йили камида 1 мингта мутахассис тайёрлаб, уларнинг бандлигини таъминлаши чоралари кўрилиши белгиланди. Бунда камида 100 та ногиронлиги бор ёшларни бепул ўқитиб, соҳада ишга қабул қилиш тизими йўлга қўйилади.
Хулоса қилиб айтганда, бозор иқтисодиётининг алифбоси саналган товар-хомашё биржаси фаолияти такомиллашуви нафақат тадбиркорлар, шу билан бирга, барча юртдошларимиз турмуш тарзига ўзининг ижобий натижасини кўрсатади. Боиси, бугун ҳар биримиз иқтисодиётнинг қайсидир жабҳасида унинг иштирокчиси ва фойдаланувчиси саналамиз. Биржа савдоларидаги «ўртакашлар» фаолияти йўқ қилиниб очиқ ва шаффоф механизм яратилиши тадбиркорларнинг манфаатдорлиги ортишига ҳамда нарх-наволар асосиз ошиб кетишининг олди олинишига хизмат қилади.
Олтиной Мамирова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати