English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энди маҳалла фуқаролар йиғинларида касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилади
15:16 / 2021-06-09

“Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилади:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида қўшимча равишда 28 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари;  

864 та фуқаролар йиғинларида тикувчилик, ошпазлик-қандолатчилик, эркаклар ва аёллар сартарошлиги, компьютер саводхонлиги, бухгалтерия ва тадбиркорлик асослари бўйича маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари;

Вазирлик ва идоралар тасарруфида бўлган 18 та профессионал таълим муассасаларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қисқа муддатли касб-ҳунарга, хорижий тилларга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курслари.

Қарорга кўра, “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳамда масканларнинг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари мақоми бўйича профессионал таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарига тенглаштирилади.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг 9–11-синф ўқувчиларини асосий таълим жараёнларидан бўш бўлган вақтларида касб-ҳунарга ўқитиш тартиби  жорий қилинади.

Қарор билан:

бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг касб-ҳунарга ўқитиш ва касбий малакани ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинди;

Касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш ва касбий малакани ривожлантириш департаменти тузилди.  

Шунингдек, “TUMO” креатив технологиялар марказининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилди.  

2022 йил 1 мартгача филиалда ёшларни веб-ишланмалар, графика дизайни, 3D-моделлаштириш, рақамли дастурлаш, робототехника, рақамли медиа, видеоўйинлар яратиш йўналишлари бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик соҳаларида кооперативлар ташкил этилади.  

2022 йил 1 январга қадар ҳар бир туман (шаҳар) секторида камида биттадан кооперативлар ташкил этилади.  

Кооперативларга аъзо бўлган ҳар бир иш билан банд бўлмаган фуқаро учун БҲМнинг 15 бараваригача субсидия ажратилади.