Самарқанд давлат чет тиллар институтида замонавий техника ва ахборот технологияларига эга бўлган медиа марказ ташкил этилди.
Ушбу марказнинг очилиши муносабати билан институтда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, олий таълим муассасалари ахборот хизматлари ходимлари иштирокида пресс-тур ўтказилди.
– Медиа марказ институт умумий фаолиятини янада такомиллаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланган ҳолда замонавий медиа маҳсулотлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилди, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Баҳодир Холиқов. – Бу ерда муассасамизнинг халқаро нуфузини оширишга қаратилган ахборот маҳсулотлари тайёрланади ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқатилади. Ахборот хизмати билан ҳамкорликда матбуот релизлари, мақолалар, интервью ва репортажлар, флайр ва бошқа шунга ўхшаш маҳсулотлар тайёрлаш кўзда тутилган. Шунингдек, масофавий таълим йўналиши талабалари учун видео дарслар платформаси яратилади. Профессор-ўқитувчиларнинг очиқ дарслари суратга олиниб, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади. Бунинг учун марказ сўнгги русумдаги компьютер техникалари, фото ва видеокамералар, овоз ёзиш ускуналари, ёритиш воситалари ҳамда ахборотни таҳрирлаш учун мўлжалланган махсус дастурий таъминотлар билан таъминланди. Овоз ёзиш учун замонавий акустик хона ташкил қилинди. Марказда раҳбар ва тўрт нафар ходим фаолият кўрсатади. Шу билан бирга халқаро журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабаларимиз бу ерда назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, касб кўникларини эгаллаш имкониятига эга бўлади. Айнан талабаларимиз томонидан медиа марказ қошида “Янги Ренессанс” газетаси фаолияти йўлга қўйилди, эндиликда институт радиоси ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.
[gallery-27091]
Пресс-тур қатнашчилари медиа марказ фаолияти ва унинг имкониятлари билан яқиндан танишди. Тажрибали журналистлар марказ ходимларига ўз тавсия ва маслаҳатларини берди.
Тадбир иштирокчилари институтда ташкил этилган “ситуацион марказ”, каръера маркази, регистратор офиси, синхрон таржима лабораторияси, “Келажакка қадам маркази” иш фаолиятини кузатиш имконига эга бўлди. Шунингдек, хорижлик талабалар учун мўлжалланган хостел очилиш маросими ўтказилди.
Институт проректори Умид Жуманазровнинг қайд этишича, таълим сифатини назорат қилиш мақсадида бугунги кунда барча факультет ва аудиторияларга замонавий кузатув камералари ўрнатилиб, ўқув машғулотларини мунтазам ва реал вақт режимида назорат қилиш имконияти яратилган. Бу вазифа ўқув-услубий бошқарма қошида фаолияти йўлга қўйилган марказлашган ситуацион марказ томонидан амалга оширилади. Марказда ўрнатилган мониторлар орқали нафақат бош ўқув биноси, балки институтнинг Самарқанд, Нарпай ва Пайариқ туманларидаги факультетлари таълим жараёнлари бевосита кузатиб борилади. Тасвир билан бирга овоз ёзишга ҳам мўлжалланган камералар орқали дарслар сифатига ҳам баҳо бериш мумкин. Келгусида марказ фаолиятида сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиб, ҳар бир дарс машғулотини таҳлил қилиш имконияти яратилади.
Институтнинг асосий ўқув бинолари ва талабалар турар жойлари мавжуд ҳудудда хорижлик талабалар учун 40 ўринли меҳмонхона – Hostel ташкил этилди. Бу ердаги 16 та хонанинг ҳар бирида алоҳида душ, санузел мавжуд. Шунингдек, умумий ошхона ва кир ювиш хоналари керакли жиҳозлар билан таъминланган. Айни пайтда институтда 61 нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда ва улар учун асосий дарс машғулотларидан ташқари ўзбек тили ўргатиш курслари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Таълим муассасасида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Самарқанд вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Келажакка қадам маркази” битирув босқичидаги талабаларга ўқишни битиргандан сўнг бир йил давомида ўз бизнес ғоясини шакллантириш, уни тайёр лойиҳа даражасига етказиш, имтиёзли кредит пакетларига йўналтириш ҳамда банк хизматларидан фойдаланиш бўйича амалий кўмак кўрсатмоқда. Ушбу марказ орқали институт битирувчиларига банк томонидан шу пайтгача 1 миллиард 600 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар расмийлаштирилиб, 35 та янги иш ўрни яратилди.
Кейинги йилларда Самарқандда ўтказилаётган нуфузли халқаро форум ва анжуманларга институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари таржимон сифатида кенг жалб қилинмоқда. Уларнинг бу борадаги малака ва тажрибасини ошириш учун институтда қўшимча ўқув-семинарлар, амалий машғулотлар ўтказилмоқда. Шунингдек, инглиз филологияси ва таржимашунослик ҳамда Шарқ тиллари факультетларида 4 та синхрон таржима лабораторияси ташкил этилди. Ушбу лабораториялар таржимон буткалари, ўқув жараёнида синхрон таржима кўникмаларини шакллантириш мақсадида махсус рация қурилмалари ва уларга мос қулоқчинлар, овоз узатувчи қурилмалар билан жиҳозланди.
Талабаларга хизмат кўрсатишнинг рақамлашган маркази ҳисобланган регистратор офисида айни пайтда 23 нафар малакали ходим томонидан институтнинг 12 минг нафарга яқин талабасига “Ягона дарча” тамойили асосида 64 турдаги таълим хизматлари кўрсатилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари