Жисмоний шахсларга уларнинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган маблағ истеъмол кредити ҳисобланади.
Айни шу жараённинг ҳуқуқий асосини белгилаб берган “Истеъмол кредити тўғрисида” ги қонунга мувофиқ, 2006 йилдан бошлаб ўтган давр мобайнида мамлакатимизда хизмат кўрсатувчи банклар ва микроқарз берувчи молиявий институтлар сони ошиб, бу борадаги хизматлар кўлами кенгайди.
Марказий банк маълумотларига кўра, кейинги уч йилда аҳолига миллий валютада ажратилган кредитларда мақсади белгиланмаган кредитлар тоифасига кирувчи микроқарз 2020 йилда 5,8 триллион сўмни, 2021 йилда эса қарийб 1,7 баробарга ўсиб, 9,9 триллион сўмни ташкил этган. Ўтган йили бу рақам 21,6 триллион сўмга етиб, олдинги йилга нисбатан – 2,2 баробарга ошган. Ушбу таҳлиллар аҳоли томонидан истеъмол товарлари ва хизматларига бўлган талабнинг йилдан йилга ортиб бораётганидан, микроқарзлар ҳажмининг келгусида ҳам кўпайишидан далолат беради.
Зеро, технологиялар тараққий топган ҳозирги замон аҳолидан муносиб турмуш кечириш, таълим олиш, меҳнат қилиш чоғида турли маиший техникалардан фойдаланишни тақозо қилмоқда. Мазкур маиший техникаларни эса ҳар ким ҳам ўз даромади эвазига сотиб олиш имкониятига эга эмас.
Масалан, юқорида номи тилга олинган қонунга асосан, ҳозир истеъмол кредити фақат маҳаллий автомобиллар ва маиший техника учун берилар эди.
Бугунги ислоҳотлар доирасида эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фуқароларга зарур шароитлар яратиш, шунингдек, товарлар ва хизматларни сотиб олишда кредит жалб қилиш имкониятини кенгайтириш масаласига эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган, яъни импорт товарлар ва хизматларга истеъмол кредити ажратилишида чекловлар мавжудлиги инобатга олиниб, молиявий истеъмол кредитидан фойдаланиш механизми қайтадан кўриб чиқилди ва “Истеъмол кредити тўғрисида” ги қонуннинг 15-моддасига ўзгартириш киритилди.
Яқинда Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида маъқулланган мазкур қонунда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товарлар (ишлар, хизматлар) учун молиявий истеъмол кредитларни тақдим этиш нормаси амалдаги қонундан чиқарилиб, бундай кредитни импорт товарлар ва хизматлар учун ҳам бериш кўзда тутилмоқда. Яъни, жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотиладиган товарлар, шунингдек, Ўзбекистонга ташқаридан келтирилган товарлар учун молиявий истеъмол кредитлари бериш имкониятини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Мисол учун, iPhone телефони хорижда ишлаб чиқарилган. Банклар уни сотиб олиш учун кредит бермайди. Чунки, амалдаги қонунга мувофиқ бундай кредит фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизмат учун тақдим этилади. Банкдан фақат исталган мақсадлар учун бериладиган микроқарз олиш мумкин. Бундай микроқарз фоизи истеъмол кредити фоизидан анча баланд бўлади. Амалдаги қонунга ўзгартириш кучга кирса, хорижий маиший техника, телефон, мебель, шунга ўхшаш товар ва хизматлар учун ҳам истеъмол кредити олса бўлади. Шунингдек, истеъмолчи молиявий истеъмол кредити олиш тўғрисида истеъмол товарларини ишлаб чиқарувчи корхона ёки реализация қилувчи ташкилотни олдиндан ёзма шаклда хабардор қилиш тартиби бекор қилинмоқда.
Шунинг учун ҳам ушбу норма биринчидан, истеъмол кредитларини расмийлаштиришни енгиллаштиради, соғлом рақобат муҳити яратилиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмолчилар учун сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилишини ҳамда талаб даражасидаги сервис ва хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.
Иккинчидан, глобал бозорларда ўсаётган рақобат шароитида мамлакат ишлаб чиқарувчиларини эркин бозор тамойиллари асосида фаолият юритиши учун муносиб замин яратишга, қўшимча қиймат занжири тамойили бўйича янги ғоялар ва технологияларни татбиқ этишга хизмат қилади. Истеъмол кредити ҳисобига тадбиркорларнинг хорижда ишлаб чиқарилган айрим асбоб-ускуна ва дастгоҳларни сотиб олиш шароити кенгаяди. Шу билан бирга, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ишлаб чиқарувчиларга ўз товар ва хизматларини истеъмол кредити эвазига сотиши мумкинлиги ёш тадбиркорликнинг ўсишига ижобий таъсир қилади.
Учинчидан арзон ва сифатли товар ишлаб чиқарилиши, сервис ва хизматлар кўрсатилиши натижасида аҳолининг молиявий ресурслари тежалишига олиб келади, бу эса иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида талабни вужудга келтиради ва қўшимча инвестиция муҳитини шакллантиради.
Қобул Турсунов,
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий
ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари