Самарқандда ўзига хос, эзгу мақсадни кўзлаган спорт тадбири бўлиб ўтди.
Бу гал стадионда профессионал спортчилар эмас, балки қалбларга нур улашаётган, эл маънавиятини юксалтиришда меҳнат қилаётган имом-хатиблар тўп суришди. Бир-бирига жондай қўшни бўлган Жиззах ва Самарқанд вилоятлари имом-хатибларининг футбол учрашуви дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтди.


Ўйин нафақат соғлом рақобат, балки юксак маданият, самимий алоқалар ва жисмоний фаолликни тарғиб этган маънавий байрамга айланди.

Майдонда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонхон домла Жабборов, ҳар икки вилоят ҳокимликларининг мутасаддилари, шаҳар ва туман имом-хатиблари фаол иштирок этишди.

Қизғин ва баҳсларга бой беллашув 2:2 ҳисобида жангавор дуранг билан якунланди, натижа эса – бирдамлик ва дўстлик ғалабаси сифатида баҳоланди.

Ўйин сўнггида иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди, уларнинг жамиятда соғлом турмуш тарзини оммалаштиришдаги фаол иштироки алоҳида эътироф этилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА