Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ, ҳар йили Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадаси ўтказиб борилади.
Олимпиада ғолиблари республика олий таълим муассасаларининг "филология ва тилларни ўқитиш, ўзбек тили ва адабиёти" таълим йўналишига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилади.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда унинг ҳудудий бўлинмаларида мамлакатимиздаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эллик талабаларни улар ўқиётган олий таълим ташкилотлари маблағлари ҳисобидан ўзбек тилига бепул ўқитиш курслари ташкил этилади.
Шунингдек, 2026 йил давомида ўз маблағлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар вакиллари учун ўзбек тилига ўқитиш курсларини кенгайтирилади ҳамда хорижий давлатлардаги ўзбек диаспора ташкилотлари ҳузурида ватандошларнинг фарзандларига ўзбек тилини ўргатишга ихтисослашган ўқув марказлари ташкил этилади, уларни зарур ўқув қўлланмалари, дарсликлар ва адабиётлар билан таъминлаш йўлга қўйилади.
ЎзА