Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энди ер ажратиш тизимида муаммолар юзага келмайди
09:57 / 2022-03-17

Мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан ёшлар, кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш, уларга бўш ер майдонларини ажратиш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш замирида тадбиркорлик янада ривожланмоқда.

Ана шу жараёнда айрим ҳал этилиши муҳим бўлган муаммо ва масалалар ҳам ўз ечимини топмоқда. Жумладан, кейинги йилларда юртимизда ер ресурсларини талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш бўйича аниқ ҳуқуқий нормалар яратилди.

Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш мақсадида 2021 йил 8 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

2021 йилинг 1 августидан бошлаб ер мулкига тааллуқли аввалги барча ҳужжатлар ўзгартирилди, яъни ерни сотиб олиш, ижарага олишга рухсат этилди. Умрбод эгалик қилиш, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари бекор қилинди.

Фармоннинг 4-бандида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинди.

Туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш, хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятлар белгиланди.

Шу ўринда, қонунчилик ҳужжатларида ушбу фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар 2021 йил 1 августдан тўлиқ бекор қилинди. Шунингдек, давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланди.

Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августда «Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжи учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Регламент ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратиш тартибини белгилайди. Унга кўра, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорига мувофиқ давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 февралдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори билан ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш, мулк ва ижара ҳуқуқи асосида реализация қилиш тартиблари белгилаб берилди.

Умуман, ер ажратиш соҳасида қонунчиликнинг такомиллаштирилиши ва ягона амалиёт жорий этилганлиги ерни тасарруф этиш билан боғлиқ муаммолар ҳал этилишида, аниқ ечимларини белгилаб беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ер муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 августдаги Қонуни билан, қатор қонунчилик ҳужжатлари билан бир қаторда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодексларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари, 2022 йил 11 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245 ва 245-8 моддаларига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга (Бизнес-омбудсман) МЖтКнинг 2002 – моддаси, яъни ер участкасини ноқонуний олиб қўйишнинг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши қисмидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқли этиб белгиланди.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номидан Вакилнинг ўринбосарлари ва бош инспекторлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима тарзидаги маъмурий жазоларни қўллашга ҳақлидир.

Хулоса қилиб айтганда, тадбиркорларнинг ерга эгалик қилиш ҳуқуқларини кафолатлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер ажратилишида шаффофлик ва адолатни таъминлаш тадбиркорликни янада ривожлантиришга, аҳоли бандлиги ва даромадлари ошишига хизмат қилади.

Муроджон Хошимов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятидаги бош инспектори.

ЎзА