Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Конституциявий қонун лойиҳаси билан Сайлов кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, Сайлов кодексига Қонунчилик палатаси сайловини аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш тартибини киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси ва сайлов тизимидаги ўзгаришлар ҳақида олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати батафсил маълумот беради:
Батафсил:
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/m5SDuaqVb_8" title="Энди депутатлар сайлови мажоритар ва пропорционал тизими асосида ўтказилади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Маълумот учун, халқаро тажрибада сайлов тизимининг мажоритар, пропорционал ва аралаш турлари мавжуд. Шу кунгача Ўзбекистонда сайлов жараёнлари мажоритар сайлов тизимида ўтказилган.
Аралаш сайлов тизими депутатлик мандатларининг бир қисми ҳукуматнинг барқарор шаклланишига ҳисса қўшадиган мажоритар тизим тамойиллари бўйича, иккинчи қисми эса пропорционал тизим тамойилларига мувофиқ тақсимланади. Овозларни тўлиқроқ ҳисобга олиш ва мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг ҳақиқий манзарасини аниқроқ акс эттиради.
Мажоритар сайлов тизимида кўп овоз олган номзод муайян округ бўйича сайланган ҳисобланади. Бунда овозларнинг умумий сонидан мутлақ кўп овоз олган номзод сайланган ҳисобланади. Номзод ўз рақиблари орасидан ҳар бирига нисбатан кўп овоз олса ғолиб деб топилади.
Пропорционал сайлов тизимида сайловчилар аниқ бир шахсга эмас, балки партияга овоз беришади. Ҳар бир партия ўз вакилларининг рўйхатини илгари суради. Бунда сайловчилар тегишли партиялар томонидан кўрсатилган вакилларнинг рўйхати учун овоз беради. Сайловчи амалда номзод учун эмас, балки сиёсий партия учун овоз беради.
Шунингдек депутатлар томонидан, “Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунига Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси нормаларини сўзсиз ва тўлиқ амалга оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилиб, қўллаб-қувватланди.
М. Турдалиева, Б. Халилов,
ЎзА