Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энди 75 давлат АҚШга кира олмайдими?
21:57 / 2026-01-15

Трамп маъмурияти иммиграция сиёсатида навбатдаги кескин қадамни ташлади. Давлат департаменти маълумотига кўра, 21 январдан бошлаб 75 давлат фуқаролари учун иммигрант виза расмийлаштириш вақтинча тўхтатилади.

Чеклов Лотин Америкасидаги Бразилия, Колумбия, Уругвай, Болқон давлатлари — Босния, Албания, Жанубий Осиёга қарашли Покистон ва Бангладеш, шунингдек Африка, Яқин Шарқ ва Кариб ҳавзасидаги қатор мамлакатларга тааллуқли.

“Reuters” гувоҳ бўлган Давлат департаменти хабарномасида айтилишича, мазкур қарор виза бўйича “тўлиқ қайта кўриб чиқиш” жараёни доирасида қабул қилинган. Бундан кўзланган асосий мақсад — АҚШга кирувчиларни ўта синчиклаб текшириш ва саралаш.

Маъмурият фикрича, ушбу давлатлардан келаётган айрим фуқароларнинг АҚШда ижтимоий нафақага боғланиб қолиш хавфи юқори. Расмий ҳужжатда улар “давлат бюджетига юк бўлиши мумкин” деган жумла келтирилган.

Ушбу тақиқ сайёҳлик ва қисқа муддатли ташриф визаларига тааллуқли эмас. Айни ҳолат 2026 йилги Жаҳон чемпионати ва 2028 йилги Олимпия ўйинларига мезбонлик нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

Трамп ҳокимиятга қайтгандан бери унинг маъмурияти иммиграция сиёсатини кучли назорат қилишни устувор вазифа сифатида белгилаб олган. Ноқонуний миграция билан бир қаторда қонуний иммиграция ҳам мураккаблаштирилмоқда. Жумладан, юқори малакали мутахассисларга бериладиган виза учун қўшимча тўлов жорий этилган.

Сиёсатшунос Дэвид Бир таъкидлашича, мазкур қарор “Америка тарихидаги қонуний иммиграцияга қарши энг кескин қарорлардан бири” сифатида баҳоланмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА