English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эмлаш бўйича халқаро ҳамкорлик (+видео)
16:02 / 2025-10-09

7- 9 октябрь кунлари Тошкент шаҳри жаҳон экспертлари, соғлиқни сақлаш тизими ва халқаро ҳамкорларни бир майдонда жамлаган муҳим анжуман — “Эмлаш қамровини мустаҳкамлаш ва сақлаш” мавзусидаги форумга мезбонлик қилмоқда.

Тадбир Санэпидқўмита, Гави вакциналар альянси ҳамда Linked — халқаро жамоат-хусусий шериклик компанияси ҳамкорлигида ташкил этилиб, мамлакатларда эмлаш қамровини пасайишини олдини олиш, барқарор ўсишни таъминлаш ва амалда синовдан ўтган ечимларни алмашишни кўзда тутади. 

Унда Молдова, Грузия, Вьетнам, Индонезия каби мамлакатлар делегациялари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва соҳа экспертлари иштирок этмоқда. Форум дастури сессиялар, амалий машғулотлар ва тажриба алмашув майдонларини қамраб олган. Тадбир илк кунида мамлакатлар бўйича маълумотлар тақдимоти ва эмлаш қамровига таъсир этувчи асосий омиллар муҳокама қилинди. Шунингдек, интерактив “плакатли саёҳат”, тафаккур сессиялари ва фикр алмашувлар ташкил этилди.

Бугунги тадбир шаҳар поликлиникаси ва Миллий вакциналар омборига ташриф билан бошланиб, амалдаги жараёнларни ўрганиш ва натижаларни таҳлил қилиш билан давом этди. Форум эртага “Таҳлил ва келгуси қадамлар” мавзусидаги фикр алмашув сессиялари билан якунланади. Ушбу босқичда иштирокчи давлатлар иммунизациядаги илғор тажрибаларни умумий стратегияга бирлаштириш бўйича таклифлар беради. 

“Ўзбекистон учун иммунизация стратегик устувор йўналиш ҳисобланади. Биз тажрибамизни баҳам кўриш ва ҳамкорлар билан биргаликда миллий дастурларни янада мустаҳкамлаш имкониятидан мамнунмиз” деди, Санэпидқўмита вакили форум очилишида.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2024 йилда Ўзбекистон 95 фоизли ДТП3 қамрови, рақамлаштирилган эмлаш дастури ва барқарор совуқ занжир тизими билан етакчи сифатида эътироф этилган. Вьетнамда рақамли ахборот тизимлари ва интеграцияланган соғлиқни сақлаш дастурлари самара берган бўлса, Молдовада эса жамоавий ёндашувлар натижасида айрим ҳудудларда эмлаш қамрови 35–40 фоизга ошган. 

Энг жиддий муаммолар Гондурас, Грузия ва Индонезияда кузатилган. Гондурасда сиёсий беқарорлик ва аҳоли миграцияси, Грузияда маълумотлар тизимининг узвий ишламаслиги, Индонезияда кадрлар алмашинуви ва логистикадаги узилишлар қамров пастлигига сабаб бўлган. 

Ўзбекистон, Вьетнам ва Молдова эса рақамлаштириш ва аҳоли иштирокини кучайтириш орқали барқарорликни таъминлаб келмоқда. Гондурас молиявий танқислик ва вакциналар етишмовчилиги сабабли энг паст кўрсаткичга эга бўлган. 

Мазкур форум Ўзбекистон ва Гави ўртасидаги кўп йиллик самарали ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлиб, мамлакатдаги иммунизация соҳасида эришилган барқарор натижалар халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Таъкидлаш жоиз, Гави кўмаги якунлангач ҳам Ўзбекистонда болаларни эмлаш қамрови 95 фоиздан юқори даражада сақланиб келмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳар йили туғилган болалар миллий эмлаш календари асосида 13 турдаги юқумли касалликларга қарши бепул эмланади. Мазкур жараёнда қамров кўрсаткичи 95 фоиздан юқори бўлиб, мамлакатда эпидемиологик барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди. 

Тошкентда ўтказилаётган мазкур форум нафақат тажриба алмашиш, балки мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Тадбир доирасида муҳокама этилаётган масалалар эса ҳар бир болага тўлиқ ва тенг имкониятда эмланиш ҳуқуқини таъминлаш, жамоат саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда барқарор иммунизация тизимини яратишга хизмат қилади. 

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/vuM1fFgeip0?si=n4t5JsJH5hYR0bZp" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

М.Эшмирзаева, У.Тўхтаев, ЎзА