Яқинда Англиянинг Ливерпуль шаҳрида бокс бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида аёллар терма жамоамиз 1 кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Жумладан, мусобақада Навбаҳор Ҳамидова финалга қадар ўтган беллашувларда зафар қучиб, делегациямиз ҳисобига кумуш медални тақдим қилди. Сабина Бобоқулова, Феруза Казакова ҳамда Азиза Зокирова бронза медали билан тақдирланди.

Чарм қўлқоп усталаримизнинг ушбу муваффақияти замирида мамлакатимизда аёллар спортини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор мужассам. Илгари хотин-қизларимизнинг халқаро мусобақаларда иштирок этишини тасаввур қилиб бўлмас эди.

Бундай нуфузли мусобақалардаги муваффақиятлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Бугун эса бари ўзгача - хотин-қизларимиз нафақат спорт, балки бошқа соҳада ҳам анча илғор ва юрт шарафини дунё узра янада юксалтирмоқда.

Сўнгги йилларда аёллар боксидаги муваффақиятлар, терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки хусусида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Элшод Расулов билан суҳбатлашдик.

– Мамлакатимизда аёллар бокси ривожланишнинг қайси босқичида? Айни дамда қўлга киритилаётган натижалар сизни қониқтирадими?
– Аёллар бокси сўнгги уч-тўрт йилда анча ривожланди. Ўтган йиллар давомида аёллар бокси бўйича терма жамоа таркибини тузиш ва уларга муносиб захира яратиш борасида иш олиб бордик. Бугунги кунга келиб эса ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги терма жамоаларимизда ҳар бир вазнда иккитадан, бир-биридан кам бўлмаган боксчи қизларимиз бор. Шу тариқа, ўз олдимизга қўйган биринчи мақсадга эришмоқдамиз. Қўлга киритган натижаларимиздан мураббий сифатида кўнглим тўлмоқда. Лекин, бу натижаларни янада яхшилаш мақсадидамиз. Аёллар боксини янада ривожлантириш учун биз, мураббийлар бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.

– Ташкил этилаётган халқаро ва маҳаллий йиғинлар қанчалик самара беряпти? Яратилаётган шароитлар ҳақида фикрингиз.
– Йиғинлар ва мусобақалар учун спортчи ҳамда мураббийларга Ўзбекистон бокс федерацияси, спортимиз мутасаддилари томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир мусобақа олдидан икки ва уч босқичли халқаро ва маҳаллий йиғинлар ташкил этилмоқда. Сўнгра халқаро турнирларда иштирок этиш борасидаги барча ишлар тизимли тарзда ташкил этилмоқда. Улардаги шароитлар ҳақида тўхталиб ўтсам, меҳмонхоналар, овқатланиш, спортчилар учун керакли спорт анжомлари, либослар, витамин ва керакли дорилар, допинг назорати юқори савияда бўлмоқда.
– Ливерпуль шаҳрида ўтган жаҳон чемпионати ҳақида фикрингиз.
– “World Boxing” ташкилоти томонидан ўтказилган жаҳон чемпионати шогирдларим учун катта тажриба майдони бўлди. Тўғри, мусобақада олтин медални қўлга кирита олмаганимиздан бироз ранжидим, бироқ, 1 кумуш ва 3 бронза медалига эга чиққанимиз ҳам ўзи бир ютуқ. Жаҳон чемпионати доимо жиддий рақобат остида ўтади ва ундаги ҳар бир жанг финал баҳсидек бўлади. Ташкилий жиҳатдан гапирадиган бўлсак, яхши даражада ўтди. Федерациямиз мутасаддилари барча шароитларни тўлиқ яратиб, берганидан ҳурсандмиз. Умид қиламанки, келгуси жаҳон чемпионатида шогирдларим билан бирга улкан муваффақиятларга эришамиз.
Ҳа, бугун мамлакатимиз аёл спортчилари бир қатор спорт турлари бўйича дунёда етакчилик қилмоқда. Бу эса мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга қаратилаётган улкан эътибор самараси. Умид қиламизки, боксчи қизларимиз нуфузли мусобақаларда юксак марраларни забт этиб, янги тарих саҳифаларини ёзишда давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА