Том маънода айтиш мумкинки, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни савдо ва маданий алоқа орқали боғловчи муҳим нуқтага айланмоқда. Бу давлатимизнинг халқаро майдонда очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат юритаётгани самараси, албатта. Мақсадга эришишда қўшни ва минтақадаги давлатлар билан мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик алоҳида ўринга эга. Жумладан, Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори – Хитой билан алоқа янги босқичга кирди.
Яқинда давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган навбатдаги давлат ташрифи том маънода тарихий аҳамият касб этиб, 50 миллиард доллардан зиёд қийматга эга келишувларга эришилди.
Гувоҳи бўлаётганимиздек, дунё давлатлари орасида иқтисодий қудрати жиҳатидан иккинчи ўринни эгаллаган Хитой сўнгги йилларда инсон капиталини ривожлантириш, технология, илм-фан, таълим, иқтисодиёт, саноат, бизнес каби кўплаб муҳим соҳаларда улкан ютуқларга эришди. Натижада халқ фаровонлиги юксалиб, тараққиётнинг мустаҳкам асоси яратилди. Хитой муҳим халқаро жараёнларнинг масъулиятли иштирокчиси сифатида жаҳон сиёсати ва бошқарувида етакчилик ўрнини мустаҳкамламоқда.
Давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори 2023 йил 13,7 миллиард долларни ташкил этди. Бу Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасининг 21,9 фоизини ташкил қилиб, ўзаро савдони 20 миллиард долларга етказиш учун етарли имконият, салоҳият бор. Сафар давомида ушбу мақсадга эришиш учун инфратузилмани модернизация қилиш, “яшил” энергетикани ривожлантириш, саноат кооперацияси ва қишлоқ хўжалигида технология трансферини кенгайтиришга қаратилган муҳим дастурлар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.
Музокара жараёнида, қайси соҳа ёки тармоқ бўлмасин, эришилган келишув, битимларда кадрлар тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш, инсон ресурсларини ривожлантиришга муҳим жиҳат сифатида қаралди. Илм-фан, таълим соҳаси вакили сифатида бундай ёндашув оқилона бўлганини эътироф этиб, бу эришилган келишувлар ижросини, иқтисодий ривожланишни таъминлашда муҳим омили эканини қайд этмоқчиман.
Давлатимиз раҳбари “Жэньминь жибао” газетасида Ўзбекистон ва ХХР муносабати истиқболига оид мулоҳазаларида узоқ тарихда ўз даврининг икки буюк цивилизацияси нафақат товар, балки билим ҳам алмашганига алоҳида эътибор қаратади.
Дарҳақиқат, илм-фан, маданият-маърифат ҳар қандай мамлакатни юксакликка кўтаради, тараққиётга етаклайди, ва халқнинг ёрқин келажагини олдиндан кўрсатиб беради. Илм-маърифат эъзозланган, таълим-тарбияга юксак даражада аҳамият берилган мамлакатда турли низо, уруш тўғрисида ўйлаш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Зеро, илм-маърифат инсонни улуғлайди. Мухтасар айтганда, таълим-тарбияга устувор аҳамият бериш бу хақда қайғуриш мамлакат ва халқ истиқболини ўйлаш, демакдир.
Иқтисодиётимизга янги технология ва билимлар кириб келиши ривожланишга ижобий таъсир ўтказиб, аҳоли даромадини кўпайтириш, пировардида фаровон ҳаётни таъминлашга хизмат қилади. Икки давлатнинг айни йўналишдаги интилиши таҳсинга сазовор. Айтиш ўринли, илмий жамоатчилик томонидан Ўзбекистонда Хитойнинг “Лу Бань устахонаси” профессионал таълим тизимини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳа йўлга қўйилгани, ташриф вақтида таълим форуми ўтказилгани, техника бўйича мутахассислар тайёрлаш марказларини ташкил этиш ташаббуси мамнуният билан қабул қилинди.
Айни пайт икки мамлакат илмий-техника муассасалари ўртасида самарали ҳамкорлик, идоралар аро дастурлар доирасида талабалар ва стажёрлар алмашинуви фаоллашяпти. Юртимиздаги олтита университетда 600 нафардан зиёд талаба хитой тилини асосий тил сифатида ўрганмоқда.
Тошкент ва Самарқандда очилган Конфуций институтларида 1 200 нафардан зиёд фуқаромиз хитой тилини ўрганяпти. Хитой тарихи, маданияти ва анъаналарини ўрганишни тарғиб қилиш мақсадида ўқув-услубий қўлланма, ўлкашунослик бўйича дарслик ва материал билан таъминланган олий ўқув юртларимизда хитой тили марказлари ташкил этилган.
Кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик мустаҳкамланиб бориши самараси ўлароқ, сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистон учун 6,5 мингдан зиёд мутахассис тайёрлади. Бу мамлакатни ислоҳ қилиш, ривожлантириш, икки халқни яқинлаштиришга фаол ҳисса қўшмоқда.
Охирги беш йилда 4 200 га яқин давлат хизматчиси Хитойда ташкил этилган малака ошириш дастурларида иштирок этди. Ушбу дастурлар қашшоқликни қисқартириш, қишлоқ хўжалиги, давлат бошқаруви, тадбиркорлик, иқтисодиёт ва молия, энергетика, таълим, туризм ва бошқа соҳаларни қамраб олгани билан аҳамиятли. Зеро, бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу йўналишларда тарихий ислоҳотлар жадаллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Инновацион ривожланиш бўйича олдимизга қўйилган мақсадларга эришишда бу каби сай-ҳаракатларни кучайтириш давр талабидир.
Ҳақиқат шуки, илм-фан ва таълим соҳаси кадр тайёрлаш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш бўйича мавжуд салоҳиятни тўлиқ очишга ёрдам берадиган энг муҳим йўналиш ҳисобланади.
Замонавий дунёда инновацияга талаб ортаётгани, рақамлаштириш жараёни жадаллашаётгани, технологияларнинг янги авлоди вужудга келаётгани ҳамда сунъий интеллект жорий қилинаётгани давлат хизматида ҳам, хусусий секторда ҳам малакали мутахассисларга талабни оширади. Бу икки давлат олдига янги долзарб вазифалар қўймоқда.
Ҳар томонлама ижтимоий адолатга эришиш, камбағалликка қарши курашиш, ўрта синфни кучайтириш, фаровонлик ва тенгликни таъминлаш борасида Хитой тажрибасининг афзал жиҳатларини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш долзарб масала ҳисобланади.
Эришилган манфаатли келишувларни амалга оширишда юқори малакали кадрларнинг ўрни беқиёс, албатта. Шундан келиб чиқиб, икки давлат олий таълим муассасаларининг 147 нафар ректори иштирок этган таълим форумида бугунги кунда талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш бўйича аниқ режалар тузиб олинди.
Жумладан, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, аниқ ва гуманитар фанларга оид сессиялар бўлиб ўтди. Олий таълим муассасалари ўртасида 70 та ҳужжат имзоланиб, 5 та қўшма таълим дастури ишлаб чиқишга келишилди. Мазкур қўшма таълим дастури асосида 300 дан зиёд талаба Хитойнинг илғор университетларида таҳсил олиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, 100 нафардан зиёд ўзбекистонлик талаба учун грант дастурлари ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, таълим сифатини ошириш, профессионал таълимни ривожлантириш, таълимни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, ҳамкорликда илмий тадқиқот олиб бориш юзасидан икки томонлама якдил қарашлар белгилаб олинди.
Давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган Биринчи Ўзбекистон – Хитой таълими форумида икки давлат олий таълим муассасалари ҳамкорлиги тўғрисидаги Пекин декларацияси қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш зарур. Ҳужжатда Хитой ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида институционал платформа яратиш, Хитой – Марказий Осиё таълим ҳамкорлиги моделини шакллантириш, академик алмашинув дастурларини янада такомиллаштириш, қўшма тадқиқот ва инновацион лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган.
Мухтасар айтанда, икки давлат ўртасида илм-фан, таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиш, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамкорлигини кучайтириш, масъул вазирликлар ўртасида илмий-техник шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган битим ва баённомалар имзоланиши илм-фан, таълим соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Элмурод ҲОШИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори