Тарих ҳар доим ҳам ғолиблар ва ҳукмдорлар ҳақида сўзлайвермайди.
Унинг қатларида оддий инсонларнинг қисмати, турли элатларнинг ўзаро муносабати ва маданиятлараро мулоқот яширин. Ўзбекистон ҳудудида қадимдан истиқомат қилган юнон (грек) миллатига мансуб аҳоли тарихи ана шундай мураккаб ва қизиқарли жараёнлардан биридир. Антик даврдан то бугунги кунга қадар давом этган ушбу тарихий алоқалар замирида ўзбек халқининг азалий бағрикенглиги ва юксак инсонпарварлик фазилатлари яққол намоён бўлади.
Маълумки, Эллада ва Турон замини ўртасидаги илк алоқалар жуда қадим даврларга бориб тақалади. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, милоддан аввалги V асрдаёқ, яъни Аҳамонийлар ҳукмронлиги даврида ҳозирги Ўзбекистон жанубига Милет шаҳридан Аполлон ибодатхонаси коҳинлари – бронхидлар кўчирилган. Академиклар Эдвард Ртвеладзе, Анатолий Сагдуллаев каби таниқли олимлар Сурхондарё вилоятидаги Талашкантепа ёдгорлигини айнан ушбу илк кўчиб келган юнонлар манзилгоҳи билан боғлайдилар. Бир ярим аср давомида улар маҳаллий муҳитга шунчалик мослашдики, тил ва турмуш тарзида маҳаллий аҳоли билан уйғунлашиб кетдилар.
Кейинчалик, милоддан аввалги IV асрда македониялик Искандар (Александр) қўшинларининг Туронга босқинчилик юришлари бошланди. Гарчи бу давр қонли тўқнашувлар ва оғир сиёсий жараёнлар билан кечган бўлса-да, унинг натижасида минтақада этник харита ўзгарди. Истилочилик урушлари тугагач, минглаб оддий юнон аскарлари, ҳунармандлар ва савдогарлар ўз юртига қайтмасдан, Бақтрия ва Сўғдиёна тупроқларида қолиб кетдилар. Натижада, Кампиртепа (қадимги Пандахейон) каби ўзига хос маданият ўчоқлари пайдо бўлди. Вақт ўтиши билан истилочилар маҳаллий аҳоли орасига сингиб, ушбу заминнинг бир бўлагига айландилар.
Асрлар оша бу ришталар узилмади, балки янгича мазмун касб этди. “Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, XIX аср охирларида Туркистон ўлкасига юнонларнинг янги оқими кириб келди. Бу гал улар қўлида қурол билан эмас, балки қурувчи, тадбиркор ва савдогар сифатида келдилар. Хусусан, Қўқон шаҳридаги Мандалаки биродарларига тегишли бўлган ва антик услубда қурилган бинолар, Фарғона водийсидаги саноат иншоотлари ўша давр меъморчилигининг ноёб намунасидир. 1917 йилда Тошкентда юнон диаспораси жамиятининг тузилиши ва Платон номидаги мактабнинг очилиши уларнинг маърифатга бўлган интилишидан дарак беради. Улар новвойчилик, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилиб, эл орасида ҳурмат топдилар.
Юнонларнинг Ўзбекистон тарихидаги энг катта тўлқини XX асрнинг ўрталарига тўғри келади. Тарихчи Людмила Жукованинг маълумот беришича, 1940-йилларнинг охирида Грециядаги сиёсий зиддиятлар ва фуқаролар уруши сабабли 12 мингга яқин юнонлар сиёсий муҳожир сифатида Ўзбекистондан паноҳ топдилар. Ўзбек халқи ушбу оғир тақдир эгаларини очиқ чеҳра ва самимият билан кутиб олди. Тошкент ва Чирчиқ шаҳарларида улар учун махсус турар-жойлар барпо этилди. Қизиғи шундаки, аксарияти оддий деҳқон ва ишчи бўлган бу инсонлар қисқа вақт ичида ўзбек тилини ўрганиб, маҳаллий ҳаётга тўлиқ киришиб кетдилар. Улар Мирзачўлни ўзлаштиришда, завод ва фабрикаларда, айниқса, 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг пойтахтни қайта тиклаш ишларида меҳнат қилдилар.
Ўзбекистон заминида вояга етган юнонлар орасидан фан, маданият ва спорт намояндалари етишиб чиқди. Жаҳон археология фанида “Бақтрия олтини”ни ўрганишга улкан ҳисса қўшган Виктор Сарианиди, Ўзбекистон тасвирий санъатида ўчмас из қолдирган рассом Янис Салпинкиди ва албатта, ўзбек футбол мухлисларининг кумири – “Пахтакор” жамоасининг афсонавий ҳужумчиси Василис Хадзипанакис шулар жумласидандир. Бу инсонларнинг ютуқлари замирида ўзбек диёрининг меҳри ётибди.
1990-йилларда тарихий ватанга қайтиш жараёни бошлангач, кўпчилик юнонлар Грецияга кўчиб кетдилар. Аммо улар Ўзбекистонни ўзларининг иккинчи Ватани деб биладилар ва бугунги кунда ҳам илиқ хотиралар билан эслайдилар. Ушбу тарихий лавҳалар шундан далолат берадики, ўзбек замини азалдан турли халқ ва элатлар учун тинчлик, омонлик ва тараққиёт маскани бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик сиёсати Янги Ўзбекистоннинг устувор тамойилидир.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА