Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Элит Осиё чемпионлар лигасининг навбатдаги тури якунланди
09:46 / 2025-12-24

Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг ғарбий минтақа умумий гуруҳ босқичи 6-тур учрашувлари ўз якунига етди.

Мусобақанинг сўнгги кунги баҳсларида «Ал-Садд» ўз майдонида «Шабаб Ал-Аҳли» устидан 4:2 ҳисобида зафар қучган бўлса, Саудия Арабистонида «Ал-Иттиҳод» 1:0 ҳисобида «Насаф» жамоасини таслим этди.  

Мазкур муваффақиятсизликдан сўнг, “Насаф” мамлакат чемпиони сифатида ОЧЛда иштирок этган жамоаларимиз орасида антирекорд ўрнатди. Гап шундаки, бугунга қадар ушбу мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган жамоаларнинг бирортаси 6 та ўйинда очкосиз қолмаган эди. 2016 йилда “Локомотив” 6 ўйинда бор йўғи 5 очко тўплаган бўлиб, энг паст кўрсаткич ушбу жамоага тегишли эди.  

Эслатиб ўтамиз, ушбу турда «Ал-Шаржа» - «Ал-Ҳилол» 0:1, «Трактор» - «Ал-Дуҳайл» 2:1, «Ал-Гарафа» - «Ал-Ваҳда» 1:0 ва «Ал-Шорта» - «Ал-Аҳли» 0:5 ҳисобидаги натижалар қайд этилди.  

Ҳозирда мусобақа жадвалида «Ал-Ҳилол» 18 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, «Трактор» 14 очко билан иккинчи ўринга кўтарилиб олди. «Ал-Аҳли» ва «Ал-Ваҳда» клуби 13 очко тўплаб 3-4 поғонада қайд этилган бўлса, ҳисобида 10 очко бўлган «Шабаб Ал-Аҳли» жамоаси кучли бешликдан жой олган.  

Шунингдек, «Ал-Иттиҳод» 9, «Ал-Дуҳайл» ва «Ал-Шаржа» 7 очко билан 6-8-поғоналарда бормоқда. «Ал-Гарафа» 6 очко, «Ал-Садд» 5 очко эвазига 9-10-ўринларни банд этган. «Ал-Шорта» 1 очко билан, «Насаф» ҳамон очкосиз сўнгги ўринларда бормоқда. Бу жамоалар олдинда икки тур бўлса-да, мусобақанинг кейинги босқичидан умидларини узган.  

Гуруҳ босқичининг 7-тур ўйинлари 9-10 февраль кунлари бўлиб ўтади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА