Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг ғарбий минтақасида умумий босқичнинг биринчи тур учрашувлари ўз якунига етди. Биринчи тур доирасида “Шабаб Ал-Аҳли” (БАА) — “Трактор” (Эрон), “Ал-Ҳилол” (Саудия Арабистони) — “Ал-Духаил” (Қатар) жамоалари рақобатлашди.
Дубай шаҳридаги “Ал-Рашид” стадионида ўтган “Шабаб Ал-Аҳли” ва “Трактор” клублари баҳси 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Дарвоқе, ушбу учрашувда ҳамюртимиз Одил Ҳамробеков (“Трактор”) 78-дақиқада захирадан майдонга туширилди. Ар-Риёд шаҳридаги “Kingdom Arena” стадионида ўтказилган “Ал-Ҳилол” ҳамда “Ал-Духаил” учрашувида 2:1 ҳисоби қайд этилди.

Шу тариқа, Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқич биринчи тур баҳслари ўз якунига кетди. Ушбу турдан сўнг, "Ал-Аҳли", “Шаржа”, “Ал-Ҳилол” ва “Ал-Ваҳда” клублари 3 очко жамғариб, голлар нисбати бўйича 1-4 ўринларга жойлашди. “Ал-Садд”, “Шабаб Ал-Аҳли”, “Ал-Шорта” ҳамда “Трактор” жамоалари дуранг қайд этган ҳолда бир очко билан кейинги поғоналардан ўрин эгаллади. Илк турда мағлуб бўлган “Ал-Гарафа” , “Ал-Духаил”, “Ал-Иттиҳод”, “Насаф” 9-12 ўринларга тушиб кетди.
Элит Осиё чемпионлар лигасининг ғарбий минтақасида умумий босқичнинг 2-тур ўйинлари 29-30 сентябрь кунлари ташкил этилади. Унда “Насаф” – “Ал-Ҳилол”, “Трактор” – “Ал-Ваҳда”, “Ал-Гарафа” – “Ал-Шорта”, “Ал-Духаил” – "Ал-Аҳли", “Ал-Садд” – “Шаржа”, “Ал-Иттиҳод” – “Шабаб Ал-Аҳли” баҳсларига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА