Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Елена Азимжонова: “Ўқитувчи салоҳиятли бўлсагина ўқувчиларни ўз ортидан эргаштира олади”
17:13 / 2023-09-15

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 41-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Елена Азимжонова чекка бир ҳудудда ёш авлод қалбини илм нурлари ила чароғон этиб келаётган оддий қишлоқ аёли. У бугунги кунда 16 миллион сўм маош, шахсий машина, кўркам ҳовли ва юксак мартабага эга.

Хўш, у бу натижаларга қандай эришди? 20 йиллик педагогик тажрибага эга бўлган маҳоратли муаллима ўз муваффақиятларининг сири нимада эканини маълум қилди. 

–Аслида омад, муваффақият меҳнат ва изланишнинг ҳосиласидир, – дейди Елена Азимжонова. – Ҳаётда ҳеч нарсага шунчаки эришиб бўлмайди. Менинг энг биринчи ютуғим – ўзим севган касбда фаолият олиб бораётганимдадир. Мактаб, ўқувчиларим ҳаётим мазмуни. Яна бир муҳим жиҳати мен ўқитувчиси эъзоз топаётган, меҳнати юксак қадрланаётган мамлакатда ишлаяпман. Буни фахр билан қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. 

Касбингни севсанг, ўз устингда излансанг, берилган имкониятлардан унумли фойдалансанг муваффақият сенинг қўлингда. Ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан юксалиб бораверасан, ҳурмат-эътибор қозонасан, ўзингни бахтиёр ҳис этасан. 16 миллион сўм маош, шахсий машина, кўркам ҳовли ва юксак мартабага ўз касбим ортидан эришдим. 

Ҳозирги кунда олий тоифали ўқитувчиман, шунингдек, TESOL, ESOL, IELTS, Linguaskill каби халқаро миқёсда тан олинган сертификатларнинг C1 даражасига эгаман. 2021 йилда Америка Кенгаши ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигидаги ESN лойиҳасида финалист сифатида танланиб, TESOL, TETE, TOT, ELTeach каби Америка Қўшма Штатларининг етакчи George Mason Университети ва TESOL уюшмаси профессорлари мураббийлик қилган малака курсларида бир йил давомида ўқиш имкониятини қўлга киритдим. Ўтган ўқув йилида вазир жамғармаси устамаси учун ўтказилган синовларда иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олдим. 

Бугун нафақат Қоракўл тумани, балки Бухоро вилоятида услубий ёрдам кўрсатувчи мобил гуруҳнинг фаол аъзоларидан бириман. Менимча, ёш авлодни тарбиялашда нафақат ўқувчиларга билим бериш, балки фан ўқитувчиларига услубий ёрдам бериш ҳам устувор ва муҳим мақсадлардан биридир. Чунки ўқитувчи салоҳиятли бўлсагина ўқувчиларни ўз ортидан эргаштира олади. 

Айни пайтда ўқувчиларга билим бериш, ҳамкасбларимга методик ёрдам кўрсатиш баробарида таълим бўйича магистр даражасини олишга интиляпман. Бундан ташқари, таълимдаги ташкилий назария, мактаб ҳуқуқи, музокаралар ва ҳатто молия каби мавзуларни чуқур ўрганиш орқали ўз тажрибамни бойитишни кўзлаяпман. 

Барча интилишларимнинг марказида ўқувчиларимга ўқишда ва мақсадларини аниқ белгилашда ёрдам бериш, уларни жамиятга ижобий ҳисса қўшадиган кишилар бўлишга ундашга бўлган қатъий истагим ётади. Мен ишимни яхши кўраман. Ҳар куни эрталаб синфга “хайрли тонг, устоз” дея ўқувчиларим кириб келади. Бу менга инглиз тилини болаларга ўқитишда энг қийин синовларни ҳам енгиш учун етарли куч ва мотивация беради.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири