Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электротехника саноатидаги инновацион ёндашувлар билан танишув 
16:17 / 2025-01-14

“TOSHKENT ELEKTRO APPARAT” МЧЖда электротехника саноатидаги илғор технологияларга бағишланган семинар ўтказилди.

Унда “Ўзэнергоинспекция” ходимлари, корхона мутахассислари ҳамда соҳадаги бошқа етакчи мутахассислар иштирок этди. 

Семинар давомида қатнашчиларга “TOSHKENT ELEKTRO APPARAT” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий технологиялар ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Таъкидланганидек, корхонада паст ва юқори вольтли электр жиҳозларини ишлаб чиқариш учун металлни қайта ишлаш, электроқоплама, лазер кесиш ускуналари ва компьютерлаштирилган замонавий линиялардан фойдаланилади. Комплект нимстанциялар, коммутатор қурилмалари, электр аппаратлари ва электр монтаж маҳсулотлари каби кенг турдаги маҳсулотлар корхона ихтисослигига киради. 

“TOSHKENT ELEKTRO APPARAT” МЧЖ ўзининг муҳандислик-конструкторлик бюроси асосида маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Энергия самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида корхона хорижий ишлаб чиқарувчилар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб, бозорда талаб катта бўлган инновацион ускуналарни ишлаб чиқаришга йўналтирилган. 

"Ўзэнергоинспекция" бошқарма бошлиғи Аброрхўжа Султоновнинг қайд этишича, ишлаб чиқариш жараёнларини жонли равишда кузатиш ва технологик ечимлар ҳақида маълумот олиш ҳар жиҳатдан фойдали. 

–Шу сабабли, ушбу семинар биз учун жуда самарали бўлди. “TOSHKENT ELEKTRO APPARAT” МЧЖдаги ишлаб чиқариш ва янги технологиялар билан яқиндан танишиш орқали соҳадаги сўнгги инновацияларни тушуниш имкониятига эга бўлдик. Хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорлик асосида яратилаётган юқори технологияли ускуналар нафақат маҳаллий бозор, балки экспорт учун ҳам катта аҳамиятга эга. Бундай тадбирлар тажриба алмашиш ва келгуси ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратади, –деди А.Султонов. 

Тадбир якунида инспекция ходимлари корхонада амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА