Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электротехника саноатида очиқ мулоқот: тизимли муаммолар муҳокама қилинди (+видео)
20:10 / 2026-01-30

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат комиссияси, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида электротехника саноати соҳасида фаолият юритаётган компаниялар ва тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот шаклидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад электротехника тармоғида фаолият юритаётган тадбиркорларни қийнаётган долзарб муаммоларни бевосита муҳокама қилиш, мавжуд тўсиқларни аниқлаш ҳамда уларнинг амалий ва тезкор ечимларини ишлаб чиқишдан иборат бўлди.  

Тадбир давомида энергия таъминоти барқарорлиги, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг ҳолати, божхона ва логистика жараёнлари, сертификатлаш тизими, рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришдаги мураккабликлар, имтиёзли кредитлаш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган омиллар кенг қамровда кўриб чиқилди.  

Бугунги кунда электротехника тармоғи мамлакатимиз саноат тармоқлари орасида энг жадал ривожланаётган йўналишлардан бирига айланган. Сўнгги йилларда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, инвестициявий муҳитнинг сезиларли яхшиланиши ва маҳаллийлаштириш дастурлари натижасида тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 8.1 баробар ошиб, унинг саноатдаги улуши 3.5 фоизни, экспортдаги улуши эса 10 фоизни ташкил этди. Айни пайтда соҳада мингдан ортиқ кичик ва ўрта корхоналар фаолият юритиб, 52 мингдан зиёд ишчи-хизматчиларнинг бандлиги таъминланган. 2025 йил электротехника саноати учун юқори натижаларга бой бўлди. Йил якунларига кўра, ишлаб чиқариш ҳажми 35 триллион сўмга, экспорт эса қарийб 1.5 миллиард долларга етди. Жорий йилда тармоқда 3 млрд долларлик экспортга чиқиш белгилаб олинган. Бунинг учун соҳада жаҳон бозорларидаги хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги, логистика занжирларидаги узилишлар, энергия таъминотидаги узлуксизлик масалалари, рухсат бериш ва назорат тизимидаги айрим бюрократик жараёнлар каби муаммоларни ҳал этиш лозим. Очиқ мулоқотда асосий эътибор ана шу масалаларни тадбиркорлар билан очиқ, ошкора ва тизимли тарзда муҳокама қилиш, уларнинг ечими бўйича аниқ механизмларни белгилашга қаратилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимов, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раҳбари ва аъзолари, вазирлик ва идора вакиллари, хорижий давлатлардаги Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчилари (онлайн тарзда), молия институтлари ҳамда 200 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этди. Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар батафсил муҳокама қилиниб, энергия таъминоти, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, логистика харажатларини камайтириш, сертификатлаш тизимини оптималлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди. Мазкур очиқ мулоқот электротехника саноатини янада ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай ва шаффоф ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳамда соҳанинг рақобатбардошлилигини ошириш йўлида муҳим амалий платформа бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-PTQe--jf2s" title="Elektrotexnika sanoatida ochiq muloqot: tizimli muammolar muhokama qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА