Бугун АОКАда ўтказилган брифингда электротехника саноати корхоналарининг 2023 йил 10 ойлик якунлари сарҳисоб қилинди.
Унда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов мавзу доирасида тизимда амалга оширилган ишлар, ютуқлар ва келгуси режаларга эътибор қаратди.
Таъкидланишича, ушбу даврда электротехника саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқариш ҳажми 19 триллион сўмни ташкил этган. Бу эса ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 1,3 баробар кўп деганидир. Жорий йилда яшил энергетика ва қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишида фаолият юритувчи корхоналар томонидан ҳам ишлаб чиқариш қувватлари бир неча баробарга ошган.
– Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этувчи электротехника саноати бугун жадаллик билан ўсиб бормоқда. Бу, йилдан йилга ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши, экспорт имкониятларининг кенгайиши, чет эл инвестицияларининг кенг жалб этилиши билан бевосита боғлиқ. Масалан, ўтган даврда экспорт ҳажми 800 миллион долларга тенг бўлди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 122 фоиздир. Хусусан, кабель-сим маҳсулотлари экспорти 478 миллион доллар, маиший техника маҳсулотлари 185 миллион доллар, кучланиш қурилмалари ва бошқа электротехника маҳсулотлари экспорти 135 миллион долларни ташкил этган. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 202 турга яқин электротехника маҳсулотлари бугун жаҳоннинг 68 та мамлакатига 96 та экспортёр корхоналар томонидан амалга оширилган. Биргина “GSP+” имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Европа мамлакатларининг ўзига 16 та корхона илк маротаба ўз маҳсулотларини экспортга олиб чиққан. Йил якунига қадар 40 миллион долларлик маҳсулотлар Европага экспорт қилинади, – деди Намоз Толипов.
Шунингдек, брифингда экспорт географиясининг кенгайиши, янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши бўйича ҳам маълумот берилди. Масалан, корхоналар томонидан амалга оширилаётган маҳсулотларнинг аксарият қисми Туркия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби мамлакатлар ҳиссасига тўғри келган бўлса, Германия, Чехия, Франция, Англия, БАА каби давлатлар бозори эса улар учун янги бозор сифатида ўзлаштирилди.
Қайд этилгани каби ҳудудларда 22 та янги лойиҳа ишга туширилган. Уларда қўшимча 618 та янги иш ўрни яратилган.
– Биламизки, электротехника саноати корхоналарида мис хомашёси асосий манба ҳисобланади. Эндиликда мисни қайта ишлаш имкониятлари ҳам бу йўналишда бир неча баробарга ошган. Корхоналар томонидан 71,9 минг тонна қайта ишланган. "Инвестициялар дастури” доирасида умумий қиймати 122,9 миллион долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Айни пайтда уюшма томонидан Тошкент вилоятида “Мис кластери” ва Қашқадарёда эса “Solar Cluster” лойиҳалари амалга оширилмоқда, – дея ўз сўзини якунлади ахборот хизмати раҳбари.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА