Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электротехника маҳсулотларида халқаро стандартларга мослашув учун қўшимча вақт берилди
12:27 / 2026-02-27

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йилнинг 15 августдаги “Электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотларида хавфли моддаларни ишлатишни чеклаш тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, бир қатор техник регламентларга муҳим ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу ўзгаришлар болалар хавфсизлигини таъминлаш, газ ускуналари хавфсизлигини кучайтириш ҳамда электротехника маҳсулотларига оид халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришга қаратилган.

“Болалар ўйинчоқлари хавфсизлиги тўғрисида”ги техник регламентга халқаро тажриба асосида янги талаблар киритилди. Эндиликда магнитли ўйинчоқлар ва беланчаклар учун махсус хавфсизлик бўйича қатъий мезонлар ўрнатилди: уларда аниқ огоҳлантирувчи ёзувлар бўлиши шарт ва магнит кучининг меъёри болалар хавфсизлигини таъминлаш учун чекланади. Бу ўзгартиришлар айниқса, 3-6 ёшли болалар учун хавфли бўлиши мумкин бўлган маҳсулотлардан келадиган хавфларни камайтиришга хизмат қилади ва халқаро стандартларга мос келади.

Шунингдек, “Газ ҳолатидаги ёқилғида ишловчи аппаратларнинг хавфсизлиги тўғрисида”ги техник регламент ҳам тубдан такомиллаштирилди. Янги нормаларга кўра, газ ускуналарини ишлаб чиқариш ва монтаж қилиш пайвандлаш ишлари аниқ белгиланган жойларда бажарилиши шарт, бу техника хавфсизлигини оширади. Шу билан бирга иситиш қозонлари зарарли чиқиндиларни камайтирувчи фильтрлар ва сувни иситиш қурилмаси (экономайзер) билан жиҳозланиши лозим. Бу ҳам ёнғин хавфини, ҳам экологияга салбий таъсирни камайтиради.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг маълум қилишича, “Электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотларида хавфли моддаларни чеклаш тўғрисида”ги техник регламентни бажариш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар учун ўтиш муддати яна 1 йилга узайтирилди. Бу регламент электротехника маҳсулотларида хавфли кимёвий моддалар миқдорини чеклаш бўйича халқаро стандартлар билан уйғунлашувни назорат қилади ва уларни босқичма‑босқич жорий этиш имконини беради.  

Шу тариқа корхоналар синов лабораторияларини модернизация қилмоқда, ходимларнинг малaкасини оширмоқда ва янги халқаро талабларга мосланмоқда. Ушбу ўзгаришлар фақат меъёрий база билан чекланмайди, балки маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчиларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш ҳамда халқаро стандартларга мослашишни таъминлайди.  

Болалар ўйинчоқлари хавфсизлиги бўйича янги талқинлар болаларнинг соғлиғини биринчи ўринда қўйган ҳолда қабул қилинмоқда, газ ускуналари ва иситиш қурилмалари бўйича қоидалар эса ёнғин хавфини камайтириш ва экологик оқибатларни камлаштиришга хизмат қилади. Электротехника маҳсулотларида хавфли моддаларни чеклаш талаби эса маҳсулотлар экспорти учун талаб этиладиган халқаро стандартларга мослашишни енгиллаштиради.

Ш.Маматуропова, ЎзА