Фарғона шаҳрида электротехника маҳсулотларини импорт қилиш ва улгуржи савдоси билан шуғулланувчи "ТОС" МЧЖ (номи ўзгартирилган) фаолияти юзасидан давлат назорати тадбири ўтказилди.
Назорат давомида корхона томонидан Хитойда ишлаб чиқарилиб, реализацияга берилган маҳсулотлардан намуналар олиниб, аккредитациядан ўтган синов лабораториясига тақдим этилди. Ўтказилган синовлар якунига кўра, мазкур маҳсулотлар Умумий техник регламент ҳамда амалдаги стандартлар талабларига номувофиқ деб топилди.
Текширув жараёнида қадоқлаш ва ёрлиқлаш талаблари ҳам қўпол равишда бузилгани аниқланди. Хусусан, маҳсулотларда импортёр ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмаган, ишлаб чиқарилган сана қайд этилмаган, ҳужжатлар давлат тилида расмийлаштирилмаган.
Шунингдек, техник хизмат кўрсатиш бўйича йўриқнома, ускуна массаси ҳамда сертификатланганлик белгиси мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай камчиликлар истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи, мол-мулки ҳамда атроф-муҳит хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги ҳамда "Стандартлаштириш тўғрисида"ги қонунлар талаблари бузилгани қайд этилди. Корхонага номувофиқ маҳсулотларни савдодан қайтариб олиш бўйича тақдимнома киритилди.
Шунингдек, мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, корхонага жарима тарзидаги молиявий санкция қўлланилди.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА