Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электротехника ишлаб чиқарадиган корхоналарга субсидиялар берилади
20:16 / 2021-03-04

Электр саноати корхоналари ҳар қандай хатолик банкротликка олиб келиши мумкин бўлган қийин рақобатбардош бозорда фаолият юритишади.

Бундай компаниялар ўртасидаги бозорлар учун курашда давлат кўмаги муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатлар ҳукуматлари жаҳон электротехника саноати ривожига тўсқинлик қилаётган ярим ўтказгичларнинг глобал танқислигини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилишмоқда. Масалан, АҚШ да ярим ўтказгич маҳсулотлари ҳаёт учун муҳим товарлар рўйхатига киритилган. Маълумки, Техас штатида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ярим ўтказгич ишлаб чиқарувчи барча корхоналар фаолиятини тўхтатишга тўғри келди.

Ярим ўтказгичларнинг глобал инқирози нафақат муаммо, балки ўзбек электр техника корхоналари учун катта имконият бўлиши мумкин. Бунга мамлакатимизда электротехника саноатини ривожлантириш ва модернизация қилиш, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш, тармоқнинг инвестициявий ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 2 мартда мамлакатимиз электротехника ва электромаиший маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, янги бозорларни ўзлаштиришга қаратилган “Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда 2021–2022 йиллар учун электротехника тармоғи самарадорлигининг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланган. Хусусан, мис хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳажмини 2021 йилда 55 минг тоннага, 2022 йилда 70 минг тоннага етказиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2021 йилда 15 триллион сўмгача, 2022 йилда 19 триллион сўмгача ошириш режалаштирилган. Қарорда тармоқдаги иш ўринлари сонини 2021 йилда 27 мингтага, 2022 йилда 34 мингтага етказиш вазифаси қўйилган. Шунингдек, 2021-2022 йилларда электротехника саноатида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш дастури ҳам тасдиқланди.

2024 йил 1 январга қадар электротехника ва электромаиший маҳсулотларни барча мамлакатларга, шу жумладан, қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизини, бироқ маҳсулотлар экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 15 фоизидан, темир йўл транспортида 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қоплашга субсидиялар тақдим этилади.

Шунингдек, молиялаштириш манбаларидан қатъи назар танловлар (тендерлар) доирасида аванс тўловларини амалга ошириш (қайтариш), хорижий валютадаги шартнома шартларини бажариш ва етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кафолат муддатларини таъминлаш юзасидан маҳаллий тижорат банкларидан кафолатлар олишда гаров таъминоти сифатида кафолат суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 миллион АҚШ долларидан ошмаган миқдорда кафилликлар берилади.

Шу билан бирга, электротехника тармоғида фаолият юритадиган корхоналарга қўшимча имтиёзлар берилади. Масалан, 2021 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 январга қадар муддатга ҳисобот даври якунлари бўйича электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкаларни 50 фоизга камайтирилади. Ана шу тарзда олинган маблағлар корхоналар томонидан дивидендлар кўринишида тақсимланмайди ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилишга йўналтирилади.

Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тармоқ корхоналарининг ташқи бозорларда ўз маҳсулотларининг жозибадорлигини ошириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориши учун халқаро маълумотлар базаларига (ахборот ресурсларига) уланиши

билан боғлиқ харажатларини 50 фоизигача қопланади.

Эҳтимол, ярим ўтказгич маҳсулотларининг глобал танқислиги мамлакатимизда ярим ўтказгич ишлаб чиқаришни тиклаш катализаторига айланиши мумкин, ҳамма нарса масаланинг давомийлигига ҳамда маҳаллий корхоналарнинг истак ва имкониятларига боғлиқ.

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА