Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электрон юридик клиника ёхуд рақамли платформа орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш...
10:53 / 2020-12-28

Ўтиб бораётган йил дунё давлатлари олдига қатор синовлар ва имкониятларни очиб берди.

Рақамли воситалар одамларга ва иқтисодиётга пандемиядан омон қолиш учун масофадан туриб ишлашни, контактсиз пул ўтказмаларини, ҳукуматнинг рақамли хизматларини осонлаштириш орқали ёрдам беришда муҳим роль ўйнамоқда. COVID-19 пандемияси билан рақамлаштириш янада долзарб вазифага айланди. Бу пандемия бизга янги авлод инновацион дастурчилар томонидан яратилган юқори сифатли рақамли хизматлар келтирадиган афзалликларга нафақат гувоҳ бўлишимиз, балки уларнинг фаол фойдаланувчиси бўлишимиз имконини берди.

Рақамлаштириш Ўзбекистон учун янги туртки эмас. Сўнгги 3-4 йил ичида ахборот коммуникация технологияларидан давлат бошқарувини ислоҳ қилиш ва иқтисодий ўсишни тезлаштириш воситаси сифатида фойдаланиш бўйича кўп ишлар қилинди. 2020 йил бошида рақамли иқтисодиёт келажакдаги ривожланиш учун муҳим пойдеворга айланди. Бугун Ўзбекистонда пандемияга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар қаторида рақамли усулда ижтимоий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.

Айниқса бу йўлда янги технологиялардан аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишда янада самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Адвокатга мурожаат этиш имкониятга эга бўлмаган фуқароларнинг ўзларини қийнаб келаётган саволларга ва муаммоларга масофадан туриб, рақамли технологиялар орқали жавоб олишлари уларнинг вақти, маблағини тежаш билан бир қаторда ҳуқуқий масалаларига ечим топишга хизмат қилади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари статистикаси

Бу борадаги рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йил июль ҳолатига кўра деярли 4, 57 миллиард киши фаол интернет фойдаланувчилари бўлиб, бу дунё аҳолисининг 59 фоизини қамраб олади. Телеграмга ҳар куни 1,5 миллион янги фойдаланувчилар рўйхатдан ўтишади. Ҳозирда телеграмнинг дунё бўйлаб 400 миллион фойдаланувчиси бор. Инстаграм эса ойига 1 миллиарддан ортиқ фаол фойдаланувчилар билан бутун дунё бўйлаб энг машҳур ижтимоий тармоққа айланди. Фейсбук 2020 йилнинг иккинчи чорагида 2,7 миллиарддан ортиқ ойлик фаол фойдаланувчилар билан дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ қаторига кирди.

Ўзбекистонда эса 2020 йил апрель ойи маълумотларига кўра, интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22 миллиондан ортди, шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 19 миллионни ташкил этади. Бу кўрсаткич Ўзбекистондаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг деярли барча қисмини ташкил этади.

Бу борада ўрганилиши керак бўлган масалалар талайгина. Ушбу мақола орқали рақамли платформада бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш тартиб-қоидалари ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз.

Ижтимоий тармоқлар орқали ҳуқуқий маслаҳат олиш турлари

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали канал, гуруҳ ва бот очиш орқали ҳуқуқий маслаҳат олиш турлари ривожланган. Масалан, телеграм ижтимоий тармоғида канал очиш орқали асосан шахсларга қонунчиликдаги янгиликлар, ҳуқуқий маълумотлар, ҳуқуқий тушунтиришлар бериб борилади. Канал орқали шахслардан келаётган саволларга ҳам жавоб бериш мумкин.

Ижтимоий тармоқ орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат беришнинг яна бир кўриниши бу гуруҳ очиш орқали бўлиб, бунинг ҳам бир қатор афзаллик ва камчиликлари мавжуд. Масалан, телеграм тармоғида гуруҳ очилганда, асосан, гуруҳда савол-жавоб тарзида мулоқот олиб борилади. Гуруҳ орқали савол берилганда шахслардан ортиқча вазифа талаб этилмайди, сабаби саволларини гуруҳга юбориш уларга қийинчилик туғдирмайди. Гуруҳ очиш орқали ҳуқуқий маслаҳат беришнинг бир қатор камчиликлари ҳам мавжуд. Энг аввало гуруҳда берилган савол барча гуруҳ аъзолари томонидан ўқилиш имконияти мавжудлиги сабабли шахсий хусусиятга эга бўлган саволлар бериш имкони чекланади. Рақамли платформа орқали онлайн ҳуқуқий маслаҳат берилганда мурожаатчининг шахси ва мурожаати мазмуни сир сақланиши муҳим тамойиллардан саналади. Бундан ташқари, берилган савол ёки мурожаат бўйича гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўз муносабатини билдириб, малакали юридик ёрдам олиш имкониятига халақит бериши мумкин. Қолаверса, гуруҳ очиш орқали саволларга жавоб беришда гуруҳ аъзолари сони ортиши билан саволларни сони ҳам ортиб бораверади. Натижада, агарда гуруҳда ҳуқуқий маслаҳат берадиган мутахассислар кам сонли бўлса саволларга ўз вақтида жавоб берилмайди ёки саволларга жавоб берилмай қолиб кетиш эҳтимоли ҳам ортади. Одатда, гуруҳ очиш орқали ҳуқуқий маслаҳат берилганда қуйидаги тартибда иш олиб борилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Биринчидан, телеграм ижтимоий тармоғида гуруҳ очилганда келаётган саволлар билан ишлайдиган ва уларга тез ҳамда сифатли жавоб бериш учун кичик-кичик соҳавий бўлимлар (телеграм тармоғида соҳавий мутахассислар гуруҳи) ташкил этиш лозим.

Масалан, гуруҳга оила, уй-жой, мерос, кредит ва бошқа масалаларда савол келса соҳа бўйича тузилган мутахассислар гуруҳи ушбу саволлар билан ишлаб жавобини гуруҳга юборишади. Натижада, тезкорлик ва сифат ошади. Бу учун, албатта, малакали мутахассислар сони ҳам кам бўлмаслиги талаб этилади.

Иккинчидан, гуруҳ орқали саволларга берилган жавобнинг сўнггида, қисқа хулоса берилиши ва бу хулосанинг тавсиявий характерга эга эканлиги кўрсатилиши мақсадга мувофиқ саналади.

Энди эса телеграм ижтимоий тармоғида рақамли платформадан фойдаланган ҳолда «бот» орқали шахсларга ҳуқуқий маслаҳат бериш тўғрисида тўхталиб ўтамиз. Фикримизча, бот асосан телеграмда канал очиб маслаҳат бериш учун қулай восита саналади. Қолаверса, кейинчалик ботга қўшимча вазифаларни юклаб, уни фаолиятини такомиллаштириш мумкин.

Бот орқали ҳуқуқий маслаҳат берилганда мурожаатлар кўп, мурожаатга жавоб берувчи мутахассислар эса нисбатан кам бўлса жавоб бериш қийинлашади. Чунки бот орқали саволлар битта профилдан кетма-кетлик асосида келади. Жавоб берилаётганда ҳам айни бир савол белгилаб жавоб бериш керак, акс ҳолда, мурожаатчига жавоб етиб бормаслиги мумкин.

Бот орқали савол бериш ва унга жавоб олишнинг яна бир афзаллик томони шундаки, шахс ва келтирган маълумотлар тўлиқ сир сақланади. Берилган савол фақат мутахассисга жавоб эса фақат мурожаат этувчига кўринади.

Энди эса рақамли платформада facebook ижтимоий тармоғи орқали ҳуқуқий маслаҳат бериш тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

Ушбу ижтимоий тармоқ турида канал ёки гуруҳ очиш орқали ҳуқуқий маслаҳат берилиши мумкин. Агар канал очиб, фақат ҳуқуқий маълумотлар бериб борилса фойдаланувчилар ўз изоҳларини ёза олмайди. Фақат берилаётган маълумотларни ўқий олишади. Гуруҳ очишнинг бир қатор тартиблари бор. Улар қуйидагилар:

Биринчидан, барча фойдаланувчилар ёза олиши яъни берилаётган ҳар бир постга ўз муносабатини билдира олиши керак.

Иккинчидан, ушбу тармоқда савол-жавоб постлардан кўра мақолалар чиқариш яхши самара беради.

Учинчидан, берилаётган саволларга ўз вақтида ва сифатли жавоб бериб бориш лозим.

Рақамли платформада instagram ижтимоий тармоғи орқали ҳуқуқий маслаҳат бериш ҳам деярли юқорида facebook тармоғи ҳақида келтириб ўтганларимиздан фарқ қилмайди. Фақат айрим техник жиҳатларни қуйида келтириб ўтамиз.

Instagram ижтимоий тармоғи орқали ҳуқуқий маслаҳат берилганда асосан расмли, график кўринишда пост тайёрлаган маъқулроқ. Чунки ушбу ижтимоий тармоқда узун постлар ва мақолалар ўқилмаслиги эҳтимоли юқори. Инфографикалардан кўпроқ фойдаланиш самара беради.

Рақамли платформадаги яна бир оммабоп восита, Youtube ижтимоий тармоғи орқали ҳуқуқий маслаҳат беришнинг ҳам ўзга хос жиҳатлари мавжуд. Ушбу ижтимоий тармоқда ҳуқуқий маслаҳатлар асосан видеороликлар орқали бериб борилади. Берилаётган видеороликлар сифатли, қисқа, аниқ, содда, равон тильда бўлиши талаб этилади. Берилаётган ҳар бир маълумот шарҳланиши керак. Қонунни тўғридан-тўғри ўқиб бериш тушунмовчиликни келтириб чиқариши мумкин. Бу эса рақамли платформа орқали бепул ҳуқуқий ёрдам бериш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишдек эзгу мақсадга эришишда тўсқинлик қилиши мумкин.

Отабек Нарзиев,

ТДЮУ юридик клиникаси раҳбари.

Муҳриддин Шамсиддинов,

ТДЮУ юридик клиникаси битирувчиси