French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электрон тижорат платформалари жадал ривожлантирилади
12:23 / 2026-01-06

Бугунги кунда жаҳон чакана савдосининг 20 фоиздан ортиғи электрон тижорат ҳиссасига тўғри келмоқда. 2027 йилга бориб бу кўрсаткич 22,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Мамлакатимизда эса умумий чакана савдо бозорида электрон тижорат ҳажми 15,2 трлн. сўм ёки 4 фоизни ташкил этмоқда.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида айтиб ўтилди. Қуйи палата мажлисида электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда бугунги кунда рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши электрон тижорат иштирокчилари учун замонавий логистика инфратузилмасига эга миллий электрон тижорат маконини яратиш ҳамда бозор иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган қонун лойиҳасида электрон тижорат соҳасидаги истеъмолчилар муомаласига кириб бораётган йўналишларга оид янги электрон савдо платформаси ва буюртмалар агрегатори операторлари, рақамли стриминг хизмати, электрон тижорат иштирокчилари, трансчегаравий электрон тижорат каби атамаларга тушунча берилиб, бизнес жараёнлар ва соҳани солиққа тортиш механизмларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси электрон тижоратнинг шаффоф ва очиқ экотизимини яратиш, электрон тижорат платформалари ва сервисларини жадал ривожлантириш, иқтисодиётдаги яширин айланмалар ҳажмини қисқартириш, электрон тижорат муносабатларидаги иқтисодий масалаларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.  

Муҳокамаларда депутатлар томонидан кўтарилган саволларга тегишли жавоблар қайтарилди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

 

--0--