Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Электрон суриштирув ва дастлабки тергов” ягона ахборот тизими яратилмоқда
09:46 / 2022-02-23

Бу тизим жиноятларни тез ва тўлиқ фош этишга, иш бўйича муҳим бўлган маълумотларни ўз вақтида олишга ҳамда процессуал муддатлар бузилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Суд-ҳуқуқ соҳасини рақамлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, суд мажлисларини видеоконференц алоқа тизимидан фойдаланган ҳолда олиб бориш имконияти яратилди.  

Судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш, суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини электрон шаклда тегишли органларга юбориш ҳам мумкин.  

Натижада тизимнинг очиқлиги таъминланиб, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан узвий ҳамкорлик яхшиланди.  

Шу билан бирга, ишни судга қадар юритиш босқичида рақамли технологиялардан етарли даражада фойдаланилмаслиги содир этилган жиноятни тез ва тўлиқ фош этиш учун зарур маълумотларни ўз вақтида олиш имкониятини чеклашга, тергов органлари фаолиятида процессуал муддатлар бузилишига ҳамда иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатларни қисқа муддатда текшириб чиқилишига тўсиқ бўлмоқда. 

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш, тергов фаолиятини  рақамлаштириш ва ишни судга қадар юритиш жараёнида ягона электрон ҳужжат алмашинуви тизимини йўлга қўйиш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январда “Ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

Қарорга асосан “Электрон суриштирув ва дастлабки тергов” ягона ахборот тизими яратилмоқда.   

Мазкур тизимнинг ишга туширилиши ишни судга қадар юритиш босқичида жиноят ишлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида тезкор ахборот алмашиш тизими ишга туширилади.  

Бунда жиноятларга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш, уларни ҳал этиш ва жиноят иши бўйича суриштирув ва дастлабки терговни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан Ягона тергов ахборот тизими орқали олиш имконияти яратилди. 

Бунда жиноят ишларини судларда кўриб чиқиш билан боғлиқ маълумотлар, шу жумладан суд қарорларини (ҳукм, қарор, ажрим) тўғридан-тўғри электрон кўринишда олиш, муқаддам судланган шахслар, жисмоний шахснинг (16 ёшга тўлган ва ЖШШИР (Жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами)га эга бўлган жисмоний шахслар) наркология ёки психоневрология диспансерида ҳисобда туриши ёки турмаслиги ҳақидаги, хорижий валюталарнинг курси ва юридик шахсларнинг ҳисобварақлари ҳақида онлайн маълумот олиш имконияти яратилади. 

Шунингдек, иши бўйича суриштирувчи ва терговчиларнинг қарорлари, топшириқлари, кўрсатмалари ҳамда бошқа хабарномаларини тегишли давлат органлари ҳамда ташкилотларга электрон ҳужжат кўринишида юбориш, шунингдек, уларга жавобларни мазкур тарзда қабул қилиш тартиби жорий этилади.  

Суриштирувчилар ва терговчилар тергов ҳаракатларини юритиш тўғрисида бошқа суриштирув ва терговчиларга топшириқ беришга, терговга қадар текширув ёки тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга шахсларни ушлаб туриш, мажбурий келтириш, қидириш тўғрисидаги қарорларнинг ижросини топширишга ҳақли.  

Бироқ, ушбу топшириқ ва қарорлар тегишли мансабдор шахсларга қоғоз шаклда юборилмоқда. Юқоридаги тартибнинг жорий этилиши эса, ортиқча вақт ва харажатлар сарфланишининг олдини олади. 

Бундан ташқари, айрим процессуал ҳаракатларни Ягона тергов ахборот тизими орқали амалга ошириш тартиби белгиланмоқда. 

Бунда жиноят содир этилиши натижасида етказилган моддий зарарни қоплаш чораларини кўриш ва унинг самарадорлигини ошириш мақсадида гумон қилинувчи, айбланувчининг мол-мулкини хатлаш ҳамда қидирув эълон қилинган айбланувчиларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чеклов чораларини ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда қўллаш назарда тутилмоқда. 

Ягона тергов ахборот тизими орқали электрон ҳужжат алмашиш ваколатига эга бўлган суриштирув ва дастлабки тергов органлари аниқ белгиланмоқда. Бунда ушбу тизим орқали ишни судга қадар юритиш масалаларида электрон ҳужжат алмашиш Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Миллий гвардиянинг тегишли суриштирув ёки тергов органлари томонидан амалга оширилиши мумкин. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ишни судга қадар юритиш босқичида иш юритишнинг электрон шаклга ўтиши жиноятларни тез ва тўлиқ фош этишга, иш бўйича муҳим бўлган маълумотларни ўз вақтида олишга ҳамда процессуал муддатлар бузилишининг олдини олишга хизмат қилади. 

 

Б.Ҳидоятов, 
юридик фанлар номзоди. 
ЎзА