Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электрон сигареталардан болангизни асранг!
09:40 / 2023-03-30

Сўнгги йилларда электрон сигареталар кенг оммалашди. Ушбу сигареталар ҳамда аккумулятордан қувватланадиган бошқа буғлатгичлар илк маротаба 2003 йилда Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб, АҚШ бозорига 2007 йилда чиқди. Ажабланарлиси шуки, 2016 йилда электрон сигареталар фойдаланувчиларининг тахминан 54 фоизи катталар эди.

Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти тамаки истеъмол қилиш хусусида катталар ўртасидаги глобал сўровни ўтказди. Мазкур тадқиқотда электрон сигареталар ҳақидаги хабардорлик ва улардан фойдаланилиши демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифлар бўйича ўрганилган. Сўровга 15 ёшдан катта аҳоли жалб қилинди. ЖССТ нинг 6 та турли минтақаларидан 14 та давлат танлаб олинди, бу мамлакатларда Катталар ўртасида тамаки истеъмол қилинишининг глобал тадқиқоти – GATS 2011–2017 йиллар кесимида турли даврларда олиб борилган.  

Бугунга келиб, электрон сигареталардан фойдаланиш ёшлар орасида одатий ҳол бўлиб қолди. Олимларни сигаретанинг бундай кенг фойдаланилиши келажакда эпидемияга олиб келиши мумкинлиги ташвишга солади.  

Кўп сонли илмий тадқиқотлар электрон сигареталарнинг соғлиққа салбий таъсирини исботламоқда. Боланинг ривожланаётган мияси айниқса электрон сигареталар таркибидаги никотинга таъсирчандир. Шунингдек, ўсмирларда никотинга қарамлик тезроқ ҳосил бўлиши илмий исботланган. Кўплаб изланишлар натижаларининг кўрсатишича, ҳар куни тамаки чекадиган катталарнинг 90 фоизи кашандаликни 18 ёшдан бошлаган. Шундай қилиб, электрон сигареталар никотинга қарам бўлган янги авлодни етиштириб чиқаришга ёрдам беради.  

Никотин катта одам миясига қараганда ўсмирнинг миясига анча жиддий ва барқарор шикастловчи таъсир кўрсатиши исботланган. Болаларда эътиборсизлик, паст ўзлаштириш, хотира, интеллект ва ижро функцияларининг пасайиши кузатилади. Ўсмирларнинг электрон сигарета истеъмол қилиши гиперфаолликни ва ҳулқ-атвордаги импульсив ўзгаришларни келтириб чиқаради, муштлашишлар, ўз жонига қасд қилиш ва алкоголь истеъмол қилиш хавфи ошади.  

Жаҳон матбуотида электрон сигареталардан фойдаланилиши ёшларнинг оддий сигареталарга ёки шимиладиган тамаки (носвой)га ўтиб кетиши эҳтимолини ошириши ҳақидаги мақолалар сони ортиб бормоқда. Электрон сигареталарни истеъмол қилган ўсмирлар кейинроқ бошқа турдаги тамаки маҳсулотларини ҳам истеъмол қилганлигини 3,6 баравар кўп тан олмоқда.  

Тижорий маҳсулотларни ўрганиш бўйича тадқиқотлар шуни кўрсатдики, электрон сигареталарда 1 дан 36 мг/мл гача никотин бўлиши мумкин.  

Шунингдек, соғлиқ учун хавфли ароматизаторлар, ингредиентлар таркибида кўрсатилмаган қўшимчалар ҳам учрайди.  Электрон сигареталар таркибига кирган моддаларни қиздириш соғлиқ учун хавф туғдирадиган қўшимча токсикантларни ҳосил қилади. Электрон сигареталардаги ароматизаторлар ДНКнинг шикастланиши, канцерогенез, ҳужайра даражасидаги, молекуляр ва иммунологик токсикликни, респиратор, юрак-томир ва неврологик бузилишларни келтириб чиқаради.  

Электрон сигареталарни ишлатадиган қизларга улар ҳомиладор бўлганларида ҳам чекишдан воз кечиш қийин бўлади. Чунки никотин плацента тўқимасига ўта олади, никотиннинг ҳомила суюқликларидаги концентрацияси она зардобидагидан ошиб кетади. Никотиннинг чақалоқларда тўсатдан ўлим синдроми ривожланишига, шунингдек кейинчалик ўпка касалликлари юзага келишига алоқадорлиги исботланган.  

Мактаб ўқувчилари электрон сигареталарни яшириш осонлигини таъкидлашади, ҳид ва тамаки маҳсулоти истеъмол қилинганининг бошқа излари бўлмагани сабабли уларни ота-оналар топиб олишидан хавотирланмаса ҳам бўлади.  

Ўзбекистонда 2021 йилда 13-15 ёшдаги ўсмирлар томонидан тамаки истеъмол қилиниши бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган глобал сўров (GYTS) шуни кўрсатдики, ҳозир тамаки истеъмол қилаётган ўсмирлар 1,7 фоизни, қачонлардир тамаки истеъмол қилганлар 7,7 фоизни ташкил қилади, электрон сигареталарни эса 0,7 фоиз ўсмирлар истеъмол қилади, қачонлардир электрон сигареталарни чеккан ўсмирлар эса 2,1 фоизни ташкил қилади.  

Агар зарур чоралар кўрилмаса, электрон сигареталарни чекиш муттасил кўпайиб кетаверади. Айниқса, ёшлар ва аёллар орасида истеъмол қилиниши муқаррар равишда ортиб бораверади. Жаҳон амалиёти шуни намоён қилмоқдаки, тамаки маҳсулотларига нисбатан акцизлар ва солиқларни ошириш келажак авлод саломатлиги учун курашда энг яхши натижани беради.  

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА