English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электрон савдолар тадбиркорлар учун имконият
14:48 / 2022-03-18

Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Қайд этилишича, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 2021 йил давомида оммавий савдолар орқали 60 та давлат активлари 47,2 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 686 та янги иш ўрни яратиш шарти билан 42,7 миллиард сўмга сотилган.

Сўнгги йилларда давлат активлари электрон савдолар орқали имтиёзли шартлар асосида сотилиши тадбиркорлар учун қулайлик яратмоқда. Узоқ йиллар самарасиз ишлаб келаётган объектларда янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, иш ўринлари яратилмоқда.

Масалан, Қарши шаҳридаги бўш турган объект вилоят Давлат активларини бошқариш бошқармаси томонидан 2018 йилда “BISS ELEKTRONICS SYSTEM” МЧЖга 2 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш, “Электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш” фаолиятини йўлга қўйиш ва 40 та янги иш ўрни яратиш мажбурияти билан “ноль” қийматда сотилган.

Ушбу имтиёз тадбиркорга фаолиятини ривожлантириш ва моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш учун катта имконият яратди. Айни пайтда мазкур корхонада турли хил ўлчамдаги замонавий телевизорлар ишлаб чиқарилмоқда. Натижада 41 та янги иш ўрни яратилди.

Тадбир давомида иштирокчилар корхона фаолияти билан яқиндан танишди.

Бугунги кунда агентликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 73 та давлат активлари 572,1 миллиард сўм бошланғич баҳода оммавий савдоларга чиқарилган бўлиб, шундан 42 таси бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари, 22 таси хўжалик жамиятларидаги давлат улушлари, 8 таси давлат акция пакетларини ташкил этади.

Ҳудудий бошқарма томонидан 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 2 та давлат активи 3,1 миллиард сўмга сотилди. Жорий йил якунига қадар 31 та давлат активларини 72 миллиард сўмга сотиш режалаштирилган.

[gallery-6201]

– Вилоятда инвестиция мажбуриятлари билан сотилган ва ҳаракатда бўлган жами 104 та объект мулкдорлари билан тузилган шартномалар мавжуд, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Санжар Тошев. – Мазкур объектлар бўйича тузилган шартномаларга кўра уларга қурилиш-таъмирлаш ҳамда асбоб-ускуналар кўринишида киритилиши белгиланган жами инвестициялар миқдори 277,1 миллиард сўм ва 8,5 миллион АҚШ долларини, яратиладиган янги иш ўринлари сони 2 127 тани ташкил қилади. Инвестиция мажбурияти билан сотилган объектлардан 39 таси 2022 йилда ишга туширилиб, уларга 87,7 миллиард сўм ҳамда 2,2 миллион АҚШ доллар инвестиция киритилади ва 858 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Жорий йил ўтган давр мобайнида 1 та объектда инвестиция мажбуриятлари бажарилиши таъминланди. Жорий йилнинг 1 апрелига қадар яна 4 та объектда инвестицион мажбуриятларнинг бажарилиши таъминланади.

Пресс-тур давомида иштирокчилар давлат активларини бошқариш агентлиги орқали объектларни сотиб олиб ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган Қарши шаҳри, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларидаги хусусий тиббиёт марказлари, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, меҳмонхона бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлар фаолияти билан таништирилди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА