Мамлакатимизда “Электрон рецепт” тизимининг жорий этилиши ҳозирги вақтда жамоатчилик, тиббиёт ходимлари ва дорихона тармоғида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айримлар бу янгиликни соғлиқни сақлаш тизимида муҳим ва замонавий қадам сифатида баҳолаётган бўлса, бошқалар уни аҳолига қўшимча қийинчилик туғдириши мумкин бўлган восита сифатида кўрмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, “Электрон рецепт” тизимини жорий этишдан кўзланган мақсад беморлар хавфсизлигини ошириш ва саломатлигини ҳимоялаш, шифокорларнинг дори тайинлашдаги масъулиятини кучайтириш, дори воситаларини тайинлаш ва бериш жараёнини тартибга солиш, соғлиқни сақлаш тизимида рақамли ҳисоб ва назоратни жорий этиш ва нотўғри ёки назоратсиз қўлланилаётган дори воситалари айланиши билан боғлиқ хавфларни камайтиришдан иборат. Бу жиҳатдан қаралганда, электрон рецепт нафақат технологик янгилик, балки соғлиқни сақлаш тизимида интизом ва шаффофликни кучайтиришга қаратилган ислоҳот ҳисобланади.

Ҳозирда “Электрон рецепт” тизими Тошкент шаҳри ва тажриба-синов билан белгиланган 15 та туманда жорий этилмоқда. Ушбу ёндашувнинг муҳим жиҳати шундаки, тизим шошилинч тарзда эмас, балки тажриба натижалари, аниқланган ташкилий ва техник муаммоларни инобатга олган ҳолда кенгайтирилади. Асосий мақсад заиф нуқталарни аниқлаш ва тизимни тўлиқ жорий этишдан олдин уни мукаммаллаштириш ҳисобланади.
Жамоатчилик орасида энг кўп янграётган саволлардан бири: “Электрон рецепт” жорий этилгач, зарур дори воситаларини олиш қийинлашмайдими?”
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борадаги хавотирларни тушунган ҳолда қатъий таъкидлайди: “Фавқулодда ҳолатларда, болалар, кексалар ва сурункали касаллиги бор беморлар зарур дори-дармонсиз қолмайди. Ушбу тоифадаги фуқаролар алоҳида назоратга олинади ва уларга тиббий ёрдам кўрсатишда узилишларга йўл қўйилмайди”.
Бундан ташқари, шифокор рецептисиз берилиши мумкин бўлган асосий ҳаётий муҳим дори воситаларининг базавий рўйхати шакллантирилган. Ушбу рўйхат кундалик ва фавқулодда маиший ҳолатларда аҳолига тезкор ёрдам кўрсатиш имконини беради ва амалий тажриба асосида такомиллаштириб борилади.
Фуқароларнинг тизим бўйича қарашлари икки қутбга бўлинган. Мисол учун, аҳолининг бир қисми “Электрон рецепт” тизимига ижобий муносабат билдиради. Уларнинг фикрича, ушбу тизим дори воситаларининг нотўғри тайинланиши ва назоратсиз қўлланишининг олдини олади. Электрон рецепт орқали ўз-ўзини даволаш ҳолатлари камаяди ҳамда дори фақат шифокор тавсияси асосида қабул қилинади. Шунингдек, бу тизим шифокор ва бемор ўртасидаги масъулиятни аниқ белгилаб беради. Ижобий қарайдиганлар электрон рецепт дори бозорини тартибга солишга, ноқонуний ва сифатсиз дори воситалари айланишини қисқартиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

Танқидий қарайдиганлар эса “Электрон рецепт” тизими жорий этилиши натижасида поликлиникалардаги навбатлар кўпайиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Айниқса, ёши катта фуқаролар ҳамда рақамли технологиялардан етарли даражада фойдалана олмайдиган аҳоли қатламлари учун бу жараён қўшимча қийинчиликлар туғдириши мумкинлиги таъкидланмоқда. Шунингдек, айримлар тизимда техник носозликлар ва узилишлар юзага келиши эҳтимолини ҳам инкор этмаяпти. Шу билан бирга, мутахассисларнинг фикрича, “Электрон рецепт” тизими тўлиқ ва тўғри ишлаган тақдирда, у узоқ муддатда аҳолига сезиларли қулайликлар яратади. Дастлабки босқичда юзага келадиган ноқулайликлар эса ҳар қандай янги тизим жорий этилишида кузатиладиган табиий мослашув жараёнининг бир қисми ҳисобланади.
Ҳозирда “Электрон рецепт” тизими дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида соғлиқни сақлаш тизимининг ажралмас қисмига айланган. Жумладан, АҚШда e-Prescribing тизими миллий миқёсда жорий этилиб, дори воситаларини нотўғри буюриш ҳолатларини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилмоқда. Буюк Британияда эса NHS Electronic Prescription Service орқали дори-дармонлар тўлиқ рақамли назорат остида берилади. Германияда eRezept тизими босқичма-босқич мажбурий тартибда жорий этилиб, дори тайинлаш ва бериш жараёнида шаффофликни оширмоқда.
Шунингдек, Швеция, Финляндия, Латвия, Португалия, Хорватия, Чехия, Греция ва Эстония каби давлатларда соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, электрон рецепт кундалик тиббий амалиётнинг одатий қисмига айланган. Жанубий Корея ва Японияда эса дори воситалари айланиши қатъий назорат қилинади, замонавий рақамли соғлиқ платформалари кенг жорий этилган. Мазкур давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, “Электрон рецепт” тизими дастлаб муайян ташкилий ва техник қийинчиликлар туғдирган бўлса-да, узоқ муддатда тиббий хизмат сифати ва беморлар хавфсизлигини сезиларли даражада оширишга эришилган.
“Электрон рецепт” тизимини жорий этиш Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш йўлидаги муҳим қадам. Бу жараён айрим ноқулайликлар, саволлар ва ҳатто эътирозлар билан кечаётгани табиий ҳолат бўлиб, бундай вазиятлар дунёнинг кўплаб давлатларида ҳам кузатилган. Муҳими, мазкур ислоҳотнинг туб моҳияти чеклаш ёки мураккаблаштириш эмас, балки инсон саломатлигини ҳимоя қилиш, дори воситалари айланишида тартибни таъминлаш, шифокор ва бемор ўртасидаги масъулиятни янада аниқ белгилашдан иборат.
“Электрон рецепт” тизими орқали ўз-ўзини даволаш ҳолатлари камаяди, нотўғри ёки кераксиз дори буюришнинг олди олинади, дори воситаларидан оқилона фойдаланиш маданияти шаклланади. Бу эса узоқ муддатда аҳоли саломатлигининг яхшиланиши, сурункали касалликлар асоратларининг камайиши ва соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган умумий юкнинг пасайишига хизмат қилади.
Болалар, кексалар, сурункали касаллиги бор беморлар ҳамда фавқулодда ҳолатлардаги фуқаролар учун зарур дори воситаларининг узлуксиз таъминланиши давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Шифокор рецептисиз бериладиган асосий ҳаётий муҳим дори воситалари рўйхатининг мавжудлиги ва унинг амалий тажриба асосида такомиллаштириб борилиши айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Электрон рецептнинг босқичма-босқич жорий этилиши, ишчи гуруҳ томонидан доимий кузатувлар олиб борилиши, аҳоли мурожаатлари учун тезкор алоқа йўлга қўйилгани шуни кўрсатадики, тизим мажбурий тарзда эмас, балки ҳақиқий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда такомиллашиб бормоқда. Бу эса жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш учун муҳим омил ҳисобланади.
Электрон рецепт тизими мажбурий чеклов эмас, балки соғлиқни сақлашда сифат, хавфсизлик ва шаффофликни оширишга қаратилган тизимли ислоҳот. Аҳоли билан очиқ мулоқот, босқичма-босқич жорий этиш ва ижтимоий ҳимоя воситаларининг сақланиши бу жараённинг энг муҳим шартлари. Энг муҳими, ушбу тизим инсон саломатлигини ҳимоя қилишга хизмат қилиши, аҳолининг манфаатларига зид эмас, балки улар учун қулай ва ишончли тизимга айланиши лозим.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА