Тиббиёт соҳасидаги трансформация жараёнлари янги босқичга кўтарилмоқда. Буни амалиётга татбиқ этилаётган Реимбурсация дастури мисолида ҳам кўриш мумкин. Тизим дастлаб Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилди, ундан кейин Тошкент шаҳрида ишга туширилди.
Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғурта механизмларини жорий этишга оид чора тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йилнинг якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида давлат тиббий суғурта механизмларини жорий этиш белгиланган.
АОКАда “Дори-дармон” акциядорлик компаниясига қарашли дорихоналарда “электрон” рецепт тизимини жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ўтказилган брифингда ана шулар ҳақида сўз юритилди.

– “Электрон рецепт” модулининг моҳияти шундаки, тизим дориларнинг дозаси ва шаклини ҳисобга олган ҳолда электрон рецепт ёзишни таъминлайди. Рецепт асосида дорини маркировка қилинган ҳолда сотиш имконини беради. Барча жараёнлар автоматлаштирилади, инсон омили камаяди. Беморлар DMED мобил илова орқали ўз рецептларини кузатиб бориши мумкин бўлади, – деди “Дори-дармон” акциядорлик компанияси ахборот хизмати раҳбари Кумуш Пардаева. – Дастур доирасида беморларга дори воситаларини тайинлаш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома қилган бирламчи тиббий-санитария муассасаси шифокори томонидан амалга оширилади. Шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида дори воситалари кафолатланган пакет доирасида беморларга дорихоналар томонидан бепул берилади ва дорихоналарнинг тегишли сарф-харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади. Реимбурсация тизимида иштирок этадиган дорихоналарга мазкур дастур асосида бериладиган дори воситаларининг доимий мавжуд бўлишини таъминлаш масъулияти юклатилади.
Қайд этилишича, электрон рецептда ҳар бир ташхис бўйича учтагача дори воситаси кўрсатилиши мумкин. Электрон рецептнинг амал қилиш муддати расмийлаштирилган кундан бошлаб 7 календарь кунни ташкил қилади.
Ҳозир дастурга 7 хил сурункали хасталик: гипертония, юрак-ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2 тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги киритилган бўлиб, уларга чалинган беморларга 27 хил дори-дармон бепул берилмоқда.
Бугунги кунда компания ва унинг тизимидаги жамиятларга қарашли 399 та дорихона ва дорихона шохобчаларида реимбурсация дастури мавжуд. Хусусан, “Қарақалрақ Дари-дармақ”нинг 54 та, “Бухоро Дори-дармон”нинг 92 та “Хоразм Дори-дармон”нинг 52 та, “Самарқанд Дори-дармон”нинг 48 та, “Навоий Дори-дармон”нинг 34 та, “Қашқадарё Дори-дармон” нинг 30 та дорихонасидан электрон рецепт асосида дори воситалари олиш мумкин. Бундан ташқари Сирдарё минтақавий бўлинмасида 44 та ва компаниянинг Тошкент шаҳридаги 45 та дорихона ва дорихона шохобчалари ҳам реимбурсация дастури бўйича иш олиб бормоқда.
Компаниянинг расмий сайтида реимбурсация дастурига уланган дорихоналарнинг манзили билан танишиш мумкин.
2025 йилнинг ўтган 4 ойи давомида компания ва унинг тизимидаги жамиятларнинг реимбурсация дастурига уланган дорихона ва дорихона шохобчалари орқали 2 млрд. 200 млн. сўмга яқин дори воситалари электрон рецепт орқали беморларга бепул берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА