Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Электрон рецепт”: дори оддий маҳсулот эмас, аниқ қоида ва назоратни талаб қиладиган тиббий воситадир
18:36 / 2025-12-15

Мамлакатимизда фармацевтика соҳасидаги шаффофликни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида муҳим қадам ташланди. Шу йилнинг 10 декабридан бошлаб “Электрон рецепт” тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба-синов ҳудудида амалга оширилаётган ушбу янгилик жамоатчилик, айниқса, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётир.

Бундан қарийб бир йил олдин, жорий йилнинг бошида, яъни 21 февраль куни Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан барча дорихона масъулларига мурожаат қилиниб, рецептсиз сотиш қоидаларини бузганлик учун белгиланган жавобгарлик чоралари эслатилган эди.

Дорихоналар томонидан рецепт асосида бериладиган дори воситасининг рецептсиз берилиши Ўзбекистон Республикаси "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги Кодексининг 165¹-моддасига мувофиқ, дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача; таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши таъкидланганди.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта рецепт асосида бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартибининг бузилиши лицензия талаблари ва шартларининг қўпол равишда бузилиши деб ҳисобланиши ва белгиланган тартибда лицензиянинг бекор қилинишига асос бўлиши; дорихона манзили ва ходими тўғрисидаги маълумотлар махсус реестрга киритилиши ва уч йил давомида сақланиши; ушбу реестрга киритилган ходим шу давр ичида дорихонада масъул ходим сифатида фаолият юритишдан маҳрум бўлиши, реестрга киритилган манзилда шу давр ичида дорихона очиш тақиқланиши қайд этилганди.

Афсуски, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг огоҳлантиришларига қарамай, айрим дорихоналар томонидан шифокор рецепти асосида берилиши лозим бўлган дори воситаларини рецептсиз сотиш ҳолатлари учради. Бу эса ўз навбатида, нафақат қонунчилик талабларини бузиш, балки аҳолининг ўзбошимчалик билан дори қабул қилиб, саломатлигига жиддий зарар етказишига замин яратади.

Очиғини айтганда, бугунги кунда айрим инсонлар шифокор кўригисиз ва тавсиясисиз дори воситаларини қабул қилишга оддий ҳол деб қарайди. Ҳатто, шифокор тавсияси билан берилиши лозим бўлган препаратларни ҳам кимдандир яхши деб эшитса, ўзбошимчалик билан истеъмол қилади. Энг ёмони, фарзандлари ёки яқинларига ҳам беради. Бу соғлиқ учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигини инобатга олмайди. Тўғри, айни шу дори препарати кимгадир самара берган бўлиши мумкин. Лекин индивидуал ёндашув деган нарса бор. Ана шу дори препаратидаги қайсидир қўшимча ёки унинг дозаси иккинчи бир инсон учун тўғри келмаслиги, қисқа муддатли енгиллик бергандек туюлса-да, узоқ муддатда оғир асоратларга олиб келиши мумкин.

Шифокор дори воситасини белгилашдан олдин беморнинг ёши, вазни, сурункали касалликлари ва у қабул қилаётган бошқа дориларни чуқур таҳлил қилади. Ўзбошимчалик билан бир нечта дорини бир вақтда қабул қилиш эса хавфли ҳолатларга олиб келади. Айрим препаратлар бир-бирининг таъсирини кескин кучайтириб, заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин, бошқалари эса аксинча, дорининг шифобахш таъсирини бутунлай йўққа чиқаради.

Шунингдек, кўплаб кучли дори воситалари маълум даражада ножўя таъсирларга эга. Шифокор бу хавфларни олдиндан баҳолаб, бемор учун энг хавфсиз вариантни танлайди. Рецептсиз ва назоратсиз қабул қилинган дори эса кучли аллергик реакцияларга, токсик таъсирларга ёки ҳаёт учун хавфли ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Ҳаётий бир мисол: ўғлимда боғча ёшида тинимсиз аллергик ютал кузатилган эди. Педиатр кўрикдан сўнг болалар учун мўлжалланган “Диазолин” препаратини тавсия қилди. Белгиланган даволаш натижасида фарзандимнинг аҳволи яхшиланди. Орадан бир неча йил ўтгач, худди шу педиатр қиз бола жиянимда кузатилган аллергик ҳолатда “Кетотифен” дори воситасини тавсия қилди. Бу препарат жиянимда жуда яхши самара берди. Шу ҳолатни кўриб, менда “Кетотифен” “Диазолин”га нисбатан самаралироқ экан” деган субъектив хулоса пайдо бўлди. Кейинчалик ўғлимда ҳам аллергик ютал қайта пайдо бўлганида, шифокорга мурожаат қилмасдан, ўзбошимчалик билан “Кетотифен”ни бердим. Кейинчалик билдимки, “Кетотифен”ни тайинлашда шифокорлар айниқса, ўғил болаларда унинг ҳаракатчанлигига, диққат ва руҳий ҳолатига эҳтимолий таъсирини ҳисобга олиб, эҳтиёткорлик билан ёндашади. Бу препарат ҳар бир бола учун индивидуал баҳолашни талаб қилади.

Демак, бир болага самара берган дори иккинчиси учун ҳам тўлиқ мос келади, деган хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас. Ёш, жинс, индивидуал хусусиятлар ва касалликнинг кечиши ҳисобга олинмасдан қабул қилинган қарор бола саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай дори воситаси фақат шифокор тавсияси асосида, ўзбошимчаликка йўл қўймасдан қабул қилиниши лозим. 

Ҳаётимизда бундай мисоллар кўп. 

Оғриқ қолдирувчи, симптомларни бостирувчи дориларни шифокор кўрсатмасисиз қабул қилиш касалликнинг асосий сабабини вақтинча “яшириб қўяди”. Натижада бемор ўзини яхшироқ ҳис қилгани билан, касаллик ривожланишда давом этади ва оғир босқичга ўтиб кетади. Бу эса кейинчалик даволашни анча қийинлаштиради, ҳатто ўлим ҳолатларини келтириб чиқаради.

Тан олиш керак, сал шамолладикми, антибиотикларни ўзбошимчалик билан қабул қилиш одатимиз ҳам йўқ эмас. Бу нафақат бизда балки, бугунги кунда жаҳон миқёсидаги энг долзарб тиббий муаммолардан бири ҳисобланади. Айрим одамлар шамоллаш ёки енгил ҳолатларда антибиотикларни “ўзича тўғри” деб ҳисоблаб қабул қилади ёки оила аъзоларига беради.

Антибиотикларни нотўғри ва назоратсиз қабул қилишнинг энг катта хавфи – антибиотик резистентлиги, яъни бактерияларнинг дориларга чидамли бўлиб қолишидир. Агар антибиотик нотўғри дозада ёки вирусли касалликларда қабул қилинса, бактериялар тўлиқ йўқ қилинмайди. Энг чидамли бактериялар тирик қолиб, кейинчалик кўпайиб кетади. Натижада, келгусида ҳатто, тўғри дозада берилган антибиотиклар ҳам самара бермай қолади.

Антибиотик резистентлиги оқибатида оддий бактериал инфекцияларни ҳам даволаш қийинлашади, баъзан эса самарали дори қолмайди. Айниқса, болаларга антибиотикларни ўзбошимчалик билан бериш уларнинг иммун тизимига, ичаклардаги фойдали микрофлорага (дисбактериоз), шунингдек жигарига жиддий зарар етказади.

Шифокор тавсиясисиз дори қабул қилиш қисқа муддатли енгиллик бериши мумкин, аммо узоқ муддатда соғлиқ учун катта хавф туғдиради. Шу боис ҳар қандай дори воситасини қабул қилишдан олдин албатта, мутахассисга мурожаат қилиш энг тўғри ва хавфсиз йўл ҳисобланади.

Шунингдек, гормонал препаратларни ҳам тез самара бергани боис, қабул қилаверамиз. Аслида, бу организмдаги муҳим физиологик жараёнларга таъсир қилувчи кучли дори воситаларидир. Уларни шифокор тавсиясисиз ва назоратсиз қабул қилиш организмдаги гормон балансини бузиши, қон босими, қанд миқдори, қалқонсимон без ва жинсий гормонлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолатда метаболизм бузилиши, иммун тизими заифлашиши, чарчаш ва руҳий ўзгаришлар пайдо бўлиши эҳтимоли юқори.

Ўзбошимчалик билан узоқ муддат гормон қабул қилганда эса оғир оқибатларга ҳам олиб келади. Масалан, айрим болалар ва ўсмирларда бу ўсишни секинлаштиради, қандли диабет ёки юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади. Шундай экан, гормонал препаратлар фақат шифокор кўрсатмаси ва даволаш режасига асосан қўлланилиши лозим.

Яна бир гап. “Электрон рецепт” тизими жорий этилиши айрим фуқароларда “энди барча дорилар фақат рецепт билан сотилади”, деган асоссиз хавотирни пайдо қилди. Менда ҳам дастлаб шундай фикр туғилди. Масалан, тез-тез кутилмаганда бошим оғриганда мен одатда “Цитрамон” қабул қиламан. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган рецептсиз бериладиган дорилар рўйхатини кўздан кечирдим. Маълум бўлишича, саломатлик учун юқори хавф туғдирмайдиган дори воситалари, жумладан “Цитрамон”, шунингдек иситмани туширувчи, таркибида парацетамол бўлган препаратларнинг маълум дозадагилари ва шамчалар аввалгидек дорихоналардан рецептсиз харид қилиниши мумкин экан.

Ҳозирга кунда жами 1846 турдаги дори воситалари давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, улар рецептсиз берилиши мумкин. Бу дорилар уй шароитида тез-тез қўлланиладиган ва соғлиқ учун кам хавф туғдирадиган препаратлар ҳисобланади. Фуқаролар бу дори воситаларини аввалгидек бемалол дорихоналардан харид қилиши мумкин. 

Ушбу рўйхатда йўқ дориларни аввал ҳам ўз билганимизча қўллаган эмасмиз. Агарда кимда-ким бунга амал қилмаган бўлса, ушбу янги тизимнинг ишлаб чиқилгани ана шундай инсонлар саломатлигини асрашга хизмат қилади. Боиси, дори оддий маҳсулот эмас, балки аниқ қоида ва назоратни талаб қиладиган тиббий воситадир.

Юқорида айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан янги тизим нотўғри талқин қилинаётгани боис ҳам аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келаётганини айтган эдик. 

Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вазирликда давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларининг етакчи шифокорлари, тегишли идоралар вакиллари ва соҳа экспертлари иштирокида учрашув ўтказилгани ҳақида хабар берганидан сўнг ҳам яна шундай ҳолат кузатилди. Яъни "Электрон рецепт” тизимини жорий этишнинг кейинги босқичма-босқич тартибини белгилаш мақсадида қабул қилинган соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғидаги вазифаларни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари учрамоқда. 

Жумладан, кўп аъзоли Телеграм каналларидан бирида "Расман: Рецепт бўйича дори воситаларини сотишга тўлиқ ўтиш вақтинча бекор қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Электрон рецепт“ тизими босқичма-босқич жорий этилишини ва ҳозирча фақат антибиотиклар ва гормонал дорилар рецепт бўйича сотилишини эълон қилди.

Қолган барча дорилар рецептсиз сотилиши мумкин. 

Ҳозирча аптекадан бемалол рецептсиз дори олаверишингиз мумкин!" дея хабар жойланди.

Аслида эса тизим бекор қилингани йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги учрашувдан сўнг, “Электрон рецепт” тизимини жорий этишнинг кейинги босқичма-босқич тартиби белгиланди.

Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, электрон рецепт (e-Prescription) тизими биринчи бўлиб ривожланган соғлиқни сақлаш тизимига эга давлатларда жорий этилган. Масалан, Швеция ва Финляндияда электрон рецептлар 2000 йиллар бошида йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда у ерда рецептларнинг деярли 100 фоизи электрон шаклда расмийлаштирилади. Бемор дорихонага қоғоз рецептсиз, фақат шахсий идентификация орқали мурожаат қилади.

Эстония электрон рецепт тизимини энг самарали қўллаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Бу мамлакатда барча рецептларнинг 99 фоиздан ортиғи электрон тарзда берилади. Тизим орқали шифокор бемор қабул қилаётган барча дориларни кўра олади. Бу эса дори воситаларининг нотўғри уйғунлашуви ва ортиқча тайинланишининг олдини олади.

АҚШ, Германия ва Буюк Британияда ҳам электрон рецептлар кенг жорий этилган. Масалан, АҚШда 2020 йилдан бошлаб давлат тиббий суғурта тизимида электрон рецепт деярли мажбурий қилинган. 

Хулоса қилиб айтганда, “Электрон рецепт” тизимининг жорий этилиши аҳоли учун қўшимча чеклов ёки қийинчилик эмас, балки дори воситаларининг ўзбошимчалик билан, назоратсиз қабул қилиниши натижасида юзага келаётган жиддий тиббий хавфларнинг олдини олишга қаратилган муҳим ислоҳотдир. Ушбу тизим дори-дармонлар истеъмоли маданиятини ошириш, антибиотиклар ва гормонал препаратлар айланмасини қатъий назоратга олиш, шунингдек фармацевтика бозоридаги тартибсизликларга барҳам беришга хизмат қилади. Энг муҳими, “электрон рецепт” тизими ҳар бир инсон саломатлиги ва жамиятнинг умумий соғлиғини ҳимоя қилишга қаратилган самарали механизм ҳисобланади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА